Ёшларнинг муаммолари ижобий ҳал этилмоқда
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, ҳаётда муносиб ўрин топиши, ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ишларни самарали ташкил этишда маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган Ёшлар етакчиларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни кунда Ёшлар етакчилари томонидан маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, маҳалла ёшларининг муаммоларини аниқлаш ва ижобий ҳал этиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Буни Андижон шаҳри маҳаллаларида иш олиб бораётган Ёшлар етакчиларининг фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бугунги кунда 422 минг нафардан зиёд аҳоли, шундан 146 минг нафарга яқин 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар истиқомат қилаётган Андижон шаҳридаги 92 та маҳаллада Ёшлар етакчилари самарали фаолият юритиб келмоқда.
Улар томонидан ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, бандлигини таъминлаш, иқтидорли ва интеллектуал фаол, “Ёшлар дафтари”га киритилган, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшлар билан ишлаш сингари қатор йўналишларда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг март ойига қадар ўтказилган ўрганишлар, ёшлар билан бевосита суҳбатлардан сўнг Андижон шаҳридаги 82 минг 256 нафар 14-30 ёш тоифасидаги ёшларнинг 38 минг 89 нафари “яхши”, 44 минг 157 нафари “ўрта”, 1 минг 89 нафари “оғир” тоифаларга ажратилди.
– “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан ишлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон шаҳар бўлими бошлиғи Мавлонбек Азимов. – Жорий йил бошида ўтказилган ўрганишлар давомида 2 минг 997 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилди, уларнинг 2 минг 862 нафарига бугунги кунга қадар турли ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, ана шу ёшларнинг 150 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 6 нафарига имтиёзли кредит, 305 нафарига ўзлари эгаллаган касб-ҳунарлар бўйича иш ташкил этиши, меҳнат қуроллари, турли асбоб-ускуна, жиҳозлар харид қилиши учун субсидия маблағлари ажратилди. 805 нафарининг ўқиши учун контракт пуллари тўлаб берилди, 58 нафари ҳайдовчиликка ўқитилди, 190 нафар йигит-қизнинг замонавий касбларни эгаллаш харажатлари қоплаб берилди, 425 нафарига эса ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундан ташқари, 53 нафар ёшнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги танловлар, фан олимпиадаларида иштирок этиши, касб-ҳунар ўрганиши учун кетадиган харажатлар қоплаб берилди.
[gallery-20623]
– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳалламиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Ёшлар дафтари”га киритилган 20 нафардан ортиқ ёшларга турли йўналишда ёрдамлар кўрсатилди, – дейди Андижон шаҳридаги Ғайрат маҳалласида иш олиб бораётган Ёшлар етакчиси Шуҳратбек Иброҳимов. – Жумладан, олий ўқув юртларида, шунингдек, тил, касб ўрганиш масканларида таҳсил олаётган 8 нафар ёшнинг контракт ва тўлов пуллари тўлаб берилди.
Бундан ташқари, ўн олти ёшга тўлган, лекин фуқаролик паспорти олишга моддий имконияти бўлмаган 6 нафар ёшга ID карталари олиб берилди.
Таъкидлаш керакки, бу каби ишлар Андижон шаҳридаги барча маҳаллаларда олиб борилмоқда. Бугунги кунда рўйхатга киритилган 135 нафар ёшнинг “Ёшлар дафтари”дан чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Алоҳида ишлаш талаб этиладиган, яъни “оғир” тоифага киритилган ёшлар мутасадди идоралар, корхона, ташкилот ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарларига бириктирилди.
Оғир тоифадаги ёшларга бириктирилган раҳбарлар томонидан ҳар бир ёш билан бевосита суҳбатлар ўтказилди, уларнинг таклиф ва муаммолари ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида ёшлар томонидан 850 дан зиёд муаммо ва таклифлар билдирилган. Ана шу тоифадаги ёшлар билан индивидуал ишлаш давомида бугунги кунга келиб, ишга жойлашиш, кредит, бир марталик моддий ёрдам олиш, “Ёшлар дафтари”га киритиш, касб-ҳунарга ўқиш, уй-жойни таъмирлаш, даволаниш, болалар нафақасини олиш сингари ва бошқа қатор муаммо ҳамда таклифларнинг 827 таси ҳал этилди.
Ёшлар етакчилари томонидан ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, рўйхатга олинган 1 минг 845 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича фуқаробай йўл хариталари ишлаб чиқилган. Аниқ режалар белгиланиб, тизимли ишлар олиб борилди. Натижада ишсиз ёшлар юз фоиз иш билан таъминланди. Хусусан, уларнинг 348 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 223 нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитилди, 51 нафарига субсидия, 24 нафарига кредит ажратилди, 1 минг 120 нафари эса турли йўналишда ўзини-ўзи банд қилди.
– Маҳалламизда хорижий миграциядан қайтган ёшлардан 4 нафарига субсидия асосида турли иш қуроллари ва жиҳозлар олиб берилди, – дейди Андижон шаҳридаги Боғи Эрам маҳалласида иш олиб бораётган Ёшлар етакчиси Нурали Абдуллажонов. – Бир нафарига эса ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди.
Шунингдек, икки нафар ёшнинг ўз ҳунари асосида иш олиб бориши, ўзини-ўзи банд қилиши учун тегишли тартибда лицензия олишига кўмаклашилди. Уч нафар ёшларимиз турли йўналишдаги касб-ҳунарларга ўқитилди.
Андижон шаҳрида битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёшларга зарур ёрдамлар кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Ёшлар дафтари жамғармаси” ҳисобидан 6 миллиард сўмдан зиёд маблағ ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш тадбирларига сарфланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йил 12 январда ўтказилган йиғилишда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Андижон шаҳрида яшовчи 35 минг 127 нафар ёш маҳаллалар кесимида ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари томонидан оталиққа олинди. Уларга адлия, прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия, мудофаа бўлимининг масъуллари бириктирилди.
Бириктирилган масъуллар томонидан “хонадонбай” ишлар ташкил этилиб, 25 минг 383 нафар ёш билан суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар давомида 10 минг 89 та муаммо аниқланиб, уларни ҳал этиш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Ана шу асосда аниқ ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” тадбирларида ҳам андижонлик ёшлар фаол иштирок этмоқда.
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг жорий йил мавсумида маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида спорт, санъат, маданият, компьютер технологиялари ва IТ, касб-ҳунар ўрганиш, китобхонликни тарғиб этиш, паралимпия йўналишларида 26 та лойиҳа амалга оширилди.
Ана шу лойиҳалар доирасида ўтказилган танлов, мусобақа ва тадбирларда 39 минг 400 нафарга яқин ёшлар иштирок этиб, ўзларининг иқтидор ва имкониятларини синовдан ўтказди.
Ёшлар етакчилари ташаббуси билан ёшларни бренд лойиҳаларга қамраб олиш, хорижий тилларни пухта ўрганишларига кўмаклашиш мақсадида минглаб ёшлар “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Уз чесс”, “Устоз Э-Ай” лойиҳаларига жалб этилди. Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали кўплаб ёшлар тил сертификатларини қўлга киритди.
Бир сўз билан айтганда, Андижон шаҳри маҳаллаларида Ёшлар етакчилари томонидан ёшлар билан ишлаш бўйича белгиланган ишлар режа асосида, тизимли равишда олиб борилмоқда. Бу ишлар энг аввало, ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг муаммоларини бартараф этишга, жамиятда, ҳаётда ўз ўринларини топишларига яқиндан ёрдам бермоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири