Ёшларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги оширилди
Пойтахтимизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ёшлар ўртасида “Волонтёр-қутқарувчи” мусобақасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Бугунги шиддатли даврда турли табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этишда кўнгиллиларнинг ўрни беқиёсдир. Айниқса, ёшлар ўртасида қутқарувчилик маданиятини шакллантириш, уларнинг экстремал шароитларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини ошириш устувор вазифалардан бирига айланди.

Шу мақсадда, юртимизнинг барча ҳудудларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Волонтёр-қутқарувчи” мусобақасининг ҳудудий босқичлари старт олди. Ушбу беллашувлар нафақат йигит-қизларнинг жисмоний ва амалий тайёргарлигини синовдан ўтказмоқда, балки уларда инсон ҳаётини сақлаб қолишдек олийжаноб масъулиятни ҳам юксалтирмоқда.

Мусобақа давомида иштирокчилар фавқулодда вазиятларда тезкор ва тўғри ҳаракат қилиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш ҳамда турли амалий топшириқларни бажариш бўйича ўз билим ва кўникмаларини намойиш этдилар.
Қайд этилганидек, мазкур мусобақа ёшларнинг чаққонлиги, жамоавий ҳамкорлиги ва масъулиятини ошириш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА