Ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрайлик
Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот марказида Олий Мажлиснинг Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди давлат ижтимоий буюртмаси асосидаги “Сепаратизм ва мутаассиблик ғоялари таъсирига тушиб қолган ёшлар ва хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш” лойиҳаси якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари ва Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талаба-ёшлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, диний конфессиялар ҳамда турли дин вакилларига яратилаётган имкониятлар тўғрисида сўз юритилиб, лойиҳанинг ахборот технологиялари ривожланган жамиятдаги аҳамиятига эътибор қаратилди. Глобаллашув жараёнларида юртимиздаги тинчлик-тўкинлик ҳам динлараро бағрикенглик, баҳамжиҳатлик ва миллатлараро тотувлик самараси экани ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Тадбирда Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази директори ўринбосари Каромиддин Жамаҳматов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Нуриддин Жумаев, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Камол Исломов, Термиз давлат университети тарих факультети декани Шуҳрат Абдуллаев ва бошқаларнинг сепаратизм ҳамда мутаассиблик ғоялари, ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшлар ва хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш, сепаратизмнинг хавф-хатарлари каби мавзулардаги маърузалари тингланди. Иштирокчилар Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази ходимларининг лойиҳа доирасида амалга оширган ишлари якуни билан танишди.
Лойиҳа ижрочилари ўтган бир йилда мамлакатимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Бухоро, Хоразм, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида “Соғлом эътиқод – барқарорлик гарови”, “Экстремизм – ёшлар келажагига таҳдид”, “Сохта салафийликнинг экстремистик моҳияти”, “Интернетдаги таҳдидлардан огоҳ бўлинг!”, “Миссионерлик – жамият барқарорлигига таҳдид” ва “Дин ниқоби”, “Ёшлар – ёт ғояларга қарши” сингари мавзуларда тарғибот тадбирларини ўтказди.
[gallery-20361]
Мутаассибликка мойиллиги бор, фаол миссионерлик ҳолатлари кузатилаётган, диний муҳит ўзгарувчан бўлган ҳудудларда жойлашган маҳалла ва мактабларда ёшларни миллий-маънавий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш учун “Экстремизм – ёшлар келажагига таҳдид”, “Сохта салафийликнинг экстремистик моҳияти”, “Интернетдаги таҳдидлардан огоҳ бўлинг!”, “Миссионерлик – жамият барқарорлигига таҳдид” ва “Дин ниқобидаги таҳдидлардан эҳтиёт бўлинг!” каби мавзуларда тайёрланган буклетлар тарқатилди.
– Буларнинг барчаси экстремизм, сепаратизм ҳамда мутаассиблик ғоялари таъсирига тушиб қолган шахсларни, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтаришга, жамиятда тинчлик, тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилгани аҳамиятлидир, – дейди Имом Термизий халқаро илмий -тадқиқот маркази директори ўринбосари Каромиддин Жамаҳматов. – Бу борадаги маърифий-тарбиявий ишларни самарали олиб бориш мақсадида “Соғлом эътиқод – барқарорлик гарови” ва “Интернет маданиятининг 10 қоидаси”га бағишланган иккита рисола тайёрлаб, Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизаси хулосаси асосида чоп этилди.
Миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик масалалари, экстремистик ҳамда миссионерлик ташкилотлари томонидан илгари сурилаётган ғояларни фош этишга бағишланган 150 дан ортиқ видео, аудио ва матн шаклидаги материал тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.
Тадбирда Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази фаолияти ва лойиҳа бўйича амалга оширилган ишлар ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. “Соғлом эътиқод – барқарорлик гарови” ва “Интернет маданиятининг 10 қоидаси” китобларининг тақдимот маросими ўтказилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири