Ёшларни бирлаштирадиган маънавий ҳаракат
ФОТОРЕПОРТАЖ
Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, Сурхондарё вилоятида “Маънавият сектори” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу сектор тизимида “Ибрат мактаби” ва “Янги куч” ижтимоий ҳаракатини ташкил этиш вазифаси ҳам юкланган эди. Куни кеча ушбу лойиҳалар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ўқув семинари ташкил этилди.
Ўқув семинарида Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассислари ва вилоят бўлими масъуллари, таълим муассасалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб, “Сурхондарё тажрибаси” сифатида иш олиб бораётган “Маънавият сектори”нинг мақсади, вазифалари ҳақида сўз борди. Таъкидланганидек, сектор маънавий-маърифий йўналишдаги ишларга масъул ҳисобланиб, у боғча, мактаб ва олий таълимда бошланғич таянч секторларига эга. Яъни, ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялардан асраш мақсадида таълим ташкилотларида ҳам маънавият сектори иш олиб бормоқда. Хусусан, мактабларда “Ибрат мактаби” лойиҳаси, олий таълим муассасаларида эса “Янги куч” ижтимоий ҳаракати фаолияти йўлга қўйилган.
[gallery-18875]
Семинар давомида ёшларни бирлаштирадиган, уларга маънавий сабоқ берадиган мазкур лойиҳаларнинг ишлаш механизми, самарадорлиги таҳлил қилинди.
“Янги куч” ижтимоий-маърифий ҳаракати орқали олий ўқув юртларидаги маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилаш кўзда тутилган. “Ибрат мактаби” лойиҳаси асосида эса ўқувчиларга ибрат бўла оладиган гуруҳ аъзолари шакллантирилган.
Бугунги глобаллашув шароитида маънавият ва маърифатсиз юксак чўққиларни забт этиб бўлмайди. Аждодларимиз ҳам таълим-тарбиянинг энг муҳим омили сифатида маънавият ва маърифатга алоҳида аҳамият беришган. Зеро, маънавиятли киши ҳеч қачон ёт ғояларга оғишмайди. Маънавият сектори тизимида ташкил этилаётган мазкур лойиҳалар ҳам айни шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА