Ёшларда солиқ саводхонлигини ошириш – келажакка қўйилган муҳим қадам
Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш доирасида Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги Урганч шаҳридаги 26-умумий ўрта таълим мактаби солиқ соҳасида кенгайтирилган таълим бериладиган таълим муассасаси сифатида белгиланган.
Шу муносабат билан Хоразм вилоят солиқ бошқармаси ҳамкорлигида мазкур мактаб ўқувчилари иштирокида уларнинг солиқ соҳасидаги билим ва тушунчаларини бойитишга қаратилган маърифий мулоқот ташкил этилди.

Мулоқот давомида ўқувчиларга солиқларнинг давлат бюджети даромадларини шакллантиришдаги ўрни, улар ҳисобидан таълим, тиббиёт, ободонлаштириш, ижтимоий ҳимоя ва бошқа муҳим соҳалар молиялаштирилиши ҳақида содда ва тушунарли тарзда маълумотлар берилди.
Шунингдек, солиқ, солиқ тўловчи, солиқ турлари, солиқ мажбурияти, давлат бюджети каби муҳим тушунчаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Солиқларни ўз вақтида ва қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаш ҳар бир фуқаронинг муҳим мажбуриятларидан бири экани, бу орқали мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигига муносиб ҳисса қўшилиши таъкидланди.
Мулоқот якунида ёшларнинг солиқ саводхонлигини ошириш, уларда иқтисодий билим ва масъулиятли фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган маърифий тадбирларни мактабда мунтазам ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири