Ёшлар – юрт келажаги, уларга ишонишимиз керак
2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили

Ҳар йили янги йил арафасида ҳамма Президент томонидан янги йилга қандай ном берилишини ҳаяжон билан кутади. Мен ҳам бошқа юртдошларимиз қатори йил номланишини ҳаяжон ила кутдим. Президентимиз табригини оила даврасида бутун вужудим қулоқ бўлиб тингладим. 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деган сўзларни тинглаб, севинчимни яширмай, қарсак чалиб юбордим.
Давлатимиз раҳбари томонидан янги йилга бундай ном берилгани барчани, шу жумладан, маҳалла вакилларини ҳам ниҳоятда қувонтирди. Ҳар бир жамият ўзининг эртаси – келажаги бўлмиш ёшлар ҳақида қайғуради, уларнинг илм-маърифатли бўлишида бор имкониятидан фойдаланади.
Диёримизда ёшлар сиёсати давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор ёшлар ва уларнинг интеллектуал салоҳияти ҳисобланади. Шубҳасиз, ёшлар илм-фан, янгилик яратувчилари, тараққиётимиз йўлида ҳал қилувчи кучдир. Бизнес эса кучли иқтисодиёт асоси.
Янги йилда ҳам биргаликда, янги куч-шижоат билан, фидойилик билан ҳаракат ва меҳнат қилсак, олдимизга қўйган барча эзгу мақсадларимизга эришамиз. Янги йил биз каби ёшлар учун янги уфқларни очиб бериши, шубҳасиз.
Кўнгилда шундай туйғуларни ҳис этиб, улкан ишларни режа қилдим. Ҳар бир ёш буюк режалар билан меҳнат қилишга қодир.
Орзулар армонга айланмаслиги учун эса тинимсиз ўқиш, ўрганиш, муаммолар олдида ўзингни иродали ва кучли тутиш, ютуқлардан илҳомланиш ва асосийси вақтни бесамар нарсаларга сарф этмаслик керак. Ахир, қани майдонга дадил чиқинг, ўз билимингизни, салоҳиятингизни, нималарга қодир эканлигингизни намойиш этинг, деб бизни қўллаб турган, рағбатлантираётган мард ва ишончли Юртбошимиз бор.
Бундай ишончни оқлаш, ўзимизни, ўзлигимизни кўрсатиш учун эса барча имкониятлар яратилган. Биз Президент ишонган ёшлармиз, буни доим ёдимизда тутишимиз керак.
Абдулазиз Хўжаков,
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар
Кенгаши депутати, “Шодлик” МФЙ даги
ҳоким ёрдамчиси.
ЎзА