Ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг кучли таянчи
Бухорода ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотлар, ҳарбий хизматчилар билан учрашувлар ва маҳалладаги манзилли ишлар ёш авлоднинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда келажагига дахлдор масалаларни биргаликда ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётини ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Давлат раҳбари ташаббуси билан ёш авлоднинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва инновацион ғояларини рўёбга чиқариши, энг муҳими, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Зеро, ёшларга берилган эътибор — бугунги кунга эмас, мамлакатнинг эртанги тақдирига киритилган энг катта сармоядир.
Бухорода ана шу эзгу мақсадлар мужассам бўлган “Янги Ўзбекистон — Ватан ҳимоячилари билан фахрланади” мавзусида мазмунли учрашув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Л. Аслонова, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, вилоятдаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда ёш ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.
Самимий мулоқот давомида мамлакатимиз мустақиллигининг тарихий аҳамияти, Янги Ўзбекистон тараққиётида ёшларнинг ўрни, Ватанга садоқат, фуқаролик бурчи ва ҳарбий хизматнинг шарафли ҳамда масъулиятли вазифа экани ҳақида фикр алмашилди.
Ҳарбий либос кийган ёшларнинг нигоҳидаги қатъият, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси ва юрт тинчлиги йўлида хизмат қилишга бўлган интилиш учрашувнинг руҳини янада кўтарди.
Чунки Ватан ҳимояси — оддий касб эмас. Бу юртга садоқат, халққа хизмат ва муқаддас бурчдир.
Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида эса вилоятнинг фаол ёшлари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда ёшларни қийнаётган масалаларни ўрганиш ҳамда уларга амалий ечим топиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотнинг энг муҳим жиҳати — ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, мавжуд муаммолар, янги ғоя ва таклифларини очиқ-ойдин баён этиш имконига эга бўлди.
Зеро, ёшларни эшитиш — уларга эътибор беришнинг биринчи қадами. Уларнинг фикрини инобатга олиш эса жамият тараққиётига ёшларнинг бевосита ҳиссасини оширади.
Билдирилган ташаббуслар юзасидан фикр алмашилиб, уларни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашувлар доирасида навбатдаги манзил Бухоро шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласи бўлди.
Бу ерда ёшлар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Маҳалла ёшлар етакчиси томонидан ҳудуддаги ёшлар билан манзилли ишлаш тизими, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка йўналтириш, муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, шунингдек, истиқболли ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Айниқса, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касбларга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун ёшлар билан ишлаш фақат уларнинг муаммосини ҳал этиш билан чекланмаяпти. Асосий мақсад — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун имконият яратиш, уларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш, ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишдир.
Давлат раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган юксак эътиборнинг замирида ҳам ана шу мақсад — Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган, билимли, ташаббускор, ватанпарвар ва масъулиятли авлодни тарбиялаш ғояси мужассам.
Бухородаги учрашувлар эса бу сиёсатнинг ҳаётдаги амалий ифодаси бўлмоқда.
Зеро, бугун ўз фикри эшитилаётган, ғояси қўллаб-қувватланаётган, муаммосига ечим топилаётган ёш эртага юрт тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олади.
Ватанни севиш — унинг келажагига дахлдор бўлишдан бошланади. Бугунги ёшлар ана шу буюк масъулиятни англаб, билим ва ғайрати, садоқати ва жасорати билан Янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратишга қодир авлоддир.
Шу маънода, ёшларга ишонч билдириш — келажакка ишонч билдиришдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири