Ёшлар ва энергия: келажак манбаи кимнинг қўлида?
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш, инновацион технологияларни жорий этиш ва ёш мутахассисларнинг соҳага фаол жалб этилиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу жараёнда хорижда таҳсил олаётган ва халқаро лойиҳаларда иштирок этаётган ёшлар салоҳиятини юксак баҳолаш, уларнинг илмий ва амалий таклифларини эшитиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Энергетика вазирлиги ташаббуси билан соҳага дахлдор билим ва тажрибага эга ёшлар билан очиқ онлайн мулоқот ташкил этилди.
Ушбу учрашувда 10 дан ортиқ давлатда таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган 50 нафар ёш қатнашди.
Ёшлар билан мулоқот давомида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш нафақат стратегик вазифа, балки ёшлар билан бирга қуриладиган келажак эканини таъкидлади.
Айтиш жоизки, сўнгги олти йилда мамлакатимизда 4 682 мегаватт қувватга эга 12 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси фойдаланишга топширилган. Шу билан бирга, 300 мегаваттли 2 та энергия сақлаш тизими ҳамда 3 274 мегаваттли 8 та замонавий иссиқлик электр станцияси ҳам ишга туширилган. Қуёш ва шамол электр станцияларининг 2025 йилнинг ўтган қисмида ишлаб чиқарган умумий электр энергияси 8 миллиард кВт·соатдан ошган. Бу эса мамлакатдаги умумий ишлаб чиқаришнинг 22 фоизини ташкил этди. 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткични 54 фоизга етказиш режалаштирилган.

Бу борада “ACWA Power” (Саудия Арабистони), “Masdar” (БАА), “Total Energies” (Франция), “Gezhouba” (Хитой), “Siemens Energy” (Германия) каби жаҳоннинг етакчи компаниялари билан йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Ёшларимиз билан бундай очиқ мулоқотлар фақат билим алмашиш эмас, балки келажакни биргаликда қуриш имкониятидир. Бугун қайта тикланувчи энергия, сунъий интеллект ва инновацион ечимлар ҳақидаги ҳар бир ғоя мен учун муҳим. Чунки бу ғоялар ортида юртимизнинг эртаси турибди. Бизнинг вазифамиз эса уларга йўл очиш, уларни эшитиш ва ҳар бир ташаббусни амалиётга айлантиришга кўмаклашишдир, – деди мулоқот чоғида вазир.
Шунингдек, Италия, Япония, АҚШ, Жанубий Корея, Польша, Хитой каби давлатлардаги ёш мутахассислар ўз тажрибалари ва қарашлари билан бўлишди. Уларнинг фикрларига кўра, Ўзбекистондаги “яшил” энергия салоҳияти халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради ва инвестициялар учун жозибадор майдонга айланмоқда.
Учрашувда ёшлар томонидан энергетика соҳасидаги қатор таклифлар билдирилди.Жумладан, сунъий интеллект орқали бошқарувни автоматлаштириш, биогаз ишлаб чиқаришда ўсимликлардан самарали фойдаланиш, қурилмаларни локаллаштириш ва уларни рақамли моделлаштириш каби ташаббуслар вазирлик томонидан қўллаб-қувватланди.
Учрашув якунида бундай мулоқотларни доимий равишда ўтказиш ва ёшларнинг ҳар бир ташаббусини амалий қўллаб-қувватлаш юзасидан келишиб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА