Ёшлар учун янги ижодий ғоялар
Тошкентда 29 апрель куни МДҲга аъзо мамлакатлар Ёшлар ишлари бўйича кенгашининг 28-йиғилиши бўлиб ўтди.
Анжуман коронавирус пандемияси туфайли ҳозирги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, масофавий ва жонли тарзда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусь, Aрманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистоннинг ёшлар билан ишлаш бўйича ташкилотлари вакиллари, фаол ва ташаббускор йигит-қизлар, талабалар иштирок этди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон МДҲга аъзо мамлакатлар Ёшлар ишлари бўйича кенгашининг йиғилишига илк бор мезбонлик қилмоқда.

Йиғилишда ёшлар ишлари билан боғлиқ 12 та масала муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган БМТнинг ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси лойиҳаси бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 30 йиллиги ва ташкилотга аъзо мамлакатлар Ёшлар ишлари бўйича кенгашининг 15 йиллигига бағишланган тақдимот намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов ва МДҲ Ижроия қўмитасининг Гуманитар ҳамкорлик, умумий сиёсий ва ижтимоий муаммолар департаменти директори Aлексей Сазонов маросимни очиб берди.
Жумладан, Aкмал Саидов Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Масалан, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 150 та меъёрий ҳужжат қабул қилинган. Ёшлар ўз билим ва салоҳиятини юзага чиқариши учун зарур институционал асослар яратилган. Айни пайтда Ўзбекистонда Ёшлар ишлари агентлиги фаолият юритмоқда, бундан ташқари, ҳар йили 30 июнь – Ёшлар куни сифатида кенг нишонланмоқда.

Йиғилишда МДҲни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича асосий тадбирлар режасининг ижроси ҳам кўриб чиқилди. Аъзо мамлакатларнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган халқаро ёшлар стратегиясини бажариш бўйича 2021-2022 йилларга оид чора-тадбирлар режаси ҳамда 2021-2023 йилларга мўлжалланган волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш, “МДҲ учун 100 та ғоя” лойиҳасининг финал босқичига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилди.
– Бугунги йиғилиш кун тартиби маданият ва анъаналарга ўзаро ҳурмат қилиш каби энг муҳим қадриятларни ўз ичига олади. МДҲга аъзо мамлакатларда ёшлар ҳаётига оид кенг тарқалган лойиҳалар, дастурлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш орқали биз келгуси ҳаракатлар режаси ва кўламини шакллантирамиз. Бундай учрашувлар ёшлар учун янги, самарали ва ижодий ғоялар ишлаб чиқаришга хизмат қилади, – деди Беларусь ёшлар иттифоқи раҳбари, республика Миллий ассамблея кенгаши аъзоси Дмитрий Баранюк.
Тадбир сўнгида иштирокчилар томонидан Кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Мусаев иштирок этди ва сўзга чиқди.
Г.АБДУЛЛАЕВА, Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбирлари