Ёшлар учун янги имкониятлар
Ҳар бир ёш мактабни тугатгач ёхуд ўрта махсус, касб ҳунар таълимига эга бўлгач, олий таълим муассасасида ўқишни орзу қилади. Ва албатта, қайсидир олийгоҳни танлашига тўғри келади.
Навоий инновациялар университети ёшлар учун оқилона танловдир. Бу таълим даргоҳи ўз билим даражасини ошириш ва карьерасини шакллантиришга интилаётган ёшларга мўлжалланган замонавий олий таълим муассасасидир.
– Бу ерда халқаро тажрибага эга профессионал педагоглар томонидан сифатли таълим берилади, – дейди университет ректори Нуриймон Абдулҳасан. – Университетимизда учта факультетда 13 таълим йўналиши бўйича етук мутахассислар тайёрланади. Талабаларимиз иккинчи курсдан бошлаб ўқув дастурлари доирасида хорижий олийгоҳларда ўз билимларини янада ошириб, тажриба алмашишлари мумкин. Бунинг учун Германия билан ҳамкорликда 2+2 дастури асосида катта лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, Туркия ва Жанубий Кореядаги нуфузли олийгоҳлар билан келишувларимиз бор.
Ректорнинг таъкидлашича, сифатли таълим учун яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда университет ёшлари камида учта тилни биладиган мутахассис қилиб тайёрланади. Бунинг учун олийгоҳда барча шароит ва имкониятлар мавжуд.
Шунингдек, ёшлар онлайн тарзда рўйхатдан ўтиши, шартномани юклаб олиши ёки имтиҳон топшириши мумкин. “Cаll center” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 24/7 режимда абитуриентлар ҳужжат топшириш ва ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиши мумкин.
[gallery-12459]
– Ўзим коллежни битириб, Навоий шаҳридаги йирик саноат корхоналаридан бирида ишлайман, – дейди Жасур Чўлиев. – Вилоятимизда янги олийгоҳ ташкил этилганлигини эшитиб, ҳужжат топширдим. Ҳужжат топширишдан олдин яратилган шароитлар, дарс бериш жараёнлари билан танишдим. Бошқа олий таълим муассасалари билан таққослаган ҳолда ушбу университетни танладим. Ҳозир 1-босқични тамомладим. Бу ерни танлаганимдан афсусланмайман, аксинча фахрланаман. Келгусида юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун ҳисса қўшишни ният қилган ҳолда билим олмоқдаман.
Олийгоҳ яқинда университет мақомини олди ва энди у республикадаги ҳамда хориждаги олий таълим муассасалари билан бемалол соғлом рақобатни амалга ошира олади.
Нега ёшлар айнан ушбу олий ўқув даргоҳини танлаши керак? Бу саволга университет ректори шундай жавоб беради:
– Биринчидан, Навоий инновациялар университети малакали кадрларни етиштириб чиқарадиган нодавлат олий таълим маскани ҳисобланади. Иккинчидан, университетнинг барча ўқув хоналари замонавий ва энг сўнгги услубдаги ўқув жиҳозлари билан жиҳозланган. Учинчидан эса, университетга ариза топширишдан бошлаб, тест жараёнлари ҳамда тўлов шартномаларини олишгача бўлган жараёнларни уйда ўтирган ҳолда ҳам тез ва осон амалга ошириш имконияти мавжуд.
Шунингдек, олийгоҳнинг ўзига хос устувор томонлари ҳам бор. Бу ерда талабалар шинам, ёруғ, қулай, ахборот технологиялари билан таъминланган ўқув хоналарида олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашлари мумкин. Нодавлат олий таълим муассасалари орасида фақатгина мазкур олийгоҳда биология таълим йўналиши бўйича олий маълумотга, ахборот технологиялари йўналишини битирган талабалар халқаро даражадаги малакага эга бўлади.
Навоий инновациялар университетига ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари олийгоҳ фаолияти билан танишиш асносида тўлиқ маълумотларга эга бўлишди ва мутасаддилардан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА