Ёшлар учун кенг имконият
Президентимизнинг 2021 йил 13 июлдаги "Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ҳали сиёҳи қуримасиданоқ, мамлакатимиздаги етакчи босма ва интернет нашрлар, омма эътиборига тушиб улгурди.
Кучли ижтимоий ҳимоя, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига эътиборни кучайтириш, кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам қўлини узатиш давлатимиз сиёсатида ҳамиша устуворлик касб этган.
Мураккаб пандемия шароитида жорий этилган "Темир дафтар"лар оилалар, хонадонларда муаммоларнинг ҳолатини батафсил ўрганиш имконини берди. Айни пайтда уларни таснифлаш, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан бирга долзарб масалалар ечимини топишга астойдил киришилди.
Мазкур фармонга кўра, 2021 йил август ойида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари сонидан келиб чиқиб, рўйхат шакллантирилиши ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари орқали уларга моддий ёрдам пулларининг ўз вақтида ва манзилли етказилишини таъминлайди.
Шу билан бирга, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат олий ўқув юртларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш йўлга қўйилади.
Эндиликда "Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади. Ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республикадаги олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилади.
Давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилади.
Фармонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни спортга кенг жалб этиш, китобхонлик оммалашувига имкон яратиш билан боғлиқ яна кўплаб имконият ва янгиликлар жорий этилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимиз ёшларининг катта ҳаётга дадил кириб келиши, ўз орзулари, эзгу мақсадларини ҳаётга тўлақонли жорий этиши йўлидаги муҳим қадам бўлишига асос яратади.
Назокат Усмонова, ЎзА