Ёшлар учун ибрат ижодкор
Журналистика ўз касбига содиқликни, фидойиликни, мавзуга тезкор, жиддий, пухта, таҳлилий, ҳам ижодий асосда ёндашувни талаб этади. Устоз журналист Абдурауф Қоржовов фаолиятида айни шундай ёндашувни кузатиш мумкин.
Ўзига хос ижод йўлига эга бўлган моҳир журналист узоқ йиллар давомида “Ахборот” дастурида тезкор ва таҳлилий, долзарб телерепортажлари билан халқимиз эътиборига тушган.
Маълумотларга кўра, Абдурауф Қоржовов 1956 йил 21 сентябрда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида таваллуд топган. 1981 йилда Тошкент давлат университети – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетини тамомлаган.
Абдурауф ака ўз меҳнат фаолиятини “Ўзбекистон овози” (“Совет Ўзбекистони”) газетасида дастлаб мусаҳҳиҳ, кейинроқ эса мухбирликдан бошлади. Устоз журналист айниқса, мазкур газетанинг Навоий, Хоразм вилоятларидаги ўз мухбири бўлиб ишлаган даврларда долзарб мавзулардаги мақолалари, танқидий таҳлиллари, "қайноқ" репортажлари билан танилди.
Абдурауф Қоржовов 1992-2019 йиллар давомида Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг ўз мухбири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, директор ўринбосари, “O‘zbekiston 24” телерадиоканали бош муҳаррири лавозимларида фаолият кўрсатди. Юзлаб публицистик репортажлар, теран таҳлиллий кўрсатувлар, лавҳа ва телеочерклар тайёрлади.
Йиллар давомида сайқалланиб борган ижодий изланишларининг маҳсули сифатида “Оталар юрти”, “Оқ тулпорлар”, “Ўзбек сўми”, “Бунёдкорлик”, “Ассалом, Наврўз!”, “Ўзбекистон йўллари” сингари ҳужжатли фильмлар юзага келди.
Абдурауф ака Қоржовов 2020 йилдан буён “Янги Ўзбекистон” газетасида катта муҳаррир. Иқтисодий ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳатлари, инновацион ва инвестициявий эврилишларга доир таҳлилий мақола ҳамда мушоҳадалари газета саҳифаларидан мунтазам ўрин олиб келяпти.
Устоз ижодкорнинг “Йўллар ва манзиллар”, “Табиатнинг мўъжизавий эҳсонлари” китоблари, ҳаммуаллифликдаги “Саҳро бўм-бўш эмас”, “Юрт фарзандлари”, “Хитой ўзбекистонликлар нигоҳида” каби очерклар тўпламлари нашр этилган.
Журналистнинг фидоий меҳнати ва ижодий изланишлари юксак қадр ва эътибор топди. Ижодкор “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига муносиб кўрилган. “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” бўлиши баробарида қатор республика ижодий танловларининг ғолиби бўлган.
Бугун миллий медиа соҳасига кўплаб иқтидорли ёшлар кириб келмоқда. Айни пайтда Абдурауф ака Қоржовов сингари устоз ижодкорларнинг заҳматли меҳнати, ижод ва изланишдан чарчамаслиги ёшлар учун доим ибратдир.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири