Ёшлар ташаббусларини қўллаш – давр талаби
Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан мулоқотда бўлди.
Суҳбатда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилиши кўзда тутилаётган янги режа ва мақсадлар ҳамда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар кўриб чиқилди.
Аввало, ёшлар ташаббусларини маҳаллаларда қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, ёшлар етакчиларининг таклифлари, маҳаллалардаги вазият атрофлича муҳокама қилинди. 2023 йилда тизимда йўл қўйилган айрим муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш лозимлиги айтиб ўтилди.

– 2024 йилда вилоят бўйича 100 минг нафар ёшга “Ibrat Academy” иловаси орқали тил ўргатишга келишиб олинди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи М.Мирсултонов. – Шунингдек, ўғил-қизларни ҳунарга ўргатиш чораларини кўриш, битирувчи ёшларни меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган соҳаларга жалб қилиш борасида қатор вазифаларни белгилаб олдик. Ўйлайманки, йил бошидан маррани баланд олиб ишни ташкил қилсак, натижа ҳам шунга яраша бўлади.
Мулоқотда маҳаллаларда ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири