Ёшлар ташаббуси қўллаб-қувватланмоқда
Сирдарё вилоятида O‘zLiDeP ташаббуси билан ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг инновацион ва креатив ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳасининг маҳалла босқичи старт олди.
Мазкур лойиҳа ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Лойиҳа доирасида ёшларнинг ташаббус ва ғояларини амалиётга жорий этиш, уларни барқарор бизнесга айлантиришга қаратилган аниқ механизмлар шакллантирилмоқда.

Лойиҳанинг маҳалла босқичлари доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова, O‘zLiDeP вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг масъул ходимлари ҳамда маҳаллий депутатлар иштирокида Ширин шаҳридаги А.Темур ҳамда Боёвут туманидаги Учтургон маҳаллаларида учрашувлар ташкил этилди.
Учрашувлар давомида маҳаллалардаги фаол ва ташаббускор ёшлар томонидан ишлаб чиқилган стартап ғоялар, кичик бизнес режалари ва креатив лойиҳалар тақдим этилди. Айниқса, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, электрон савдо ҳамда замонавий сервис хизматлари йўналишидаги ташаббуслар алоҳида эътибор билан ўрганилди.

Тадбир иштирокчиларига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, самарали бизнес-режалар ишлаб чиқиш, давлат ва хусусий молиявий манбалар, имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва грантлардан фойдаланиш имкониятлари бўйича амалий тавсиялар тақдим қилинди. Мутахассислар ёшларнинг ғояларини рўёбга чиқариш, уларни бозор талабларига мослаштириш ва барқарор бизнес моделга айлантириш юзасидан атрофлича тушунтиришлар беришди.
Тадбир давомида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова мазкур лойиҳанинг аҳамиятига тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади:
– Бугун ёшларнинг креатив фикрлаши, ташаббускорлиги ва инновацион ғоялари иқтисодиёт тараққиётининг муҳим драйверига айланмоқда. “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси орқали маҳаллалардаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз ғояларини бизнесга айлантириш учун зарур билим ва имкониятларни беришни мақсад қилганмиз. Бу нафақат ёшлар бандлигини таъминлайди, балки маҳаллий иқтисодиёт ривожига ҳам хизмат қилади.

Тадбир якунида энг истиқболли ва самарали лойиҳалар саралаб олиниб, уларни кейинги босқичларда қўллаб-қувватлаш, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш чоралари белгилаб олинди.
Қайд этилишича, “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут тумани билан чекланиб қолмасдан, вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам изчил амалга оширилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири