Ёшлар тарбиясида барчамиз бирдек масъулмиз
Равшан (исми ўзгартирилган) қўшнисининг уйига девор ошиб кириб, қотиллик содир этганида 16 ёшда эди. Хоналарни титкилаётган пайтда хонадон соҳибаси келиб қолади. Бундан ваҳимага тушган йигит аёлнинг кўксига пичоқ санчиди. Уйдан бор йўғи 60 минг сўм топиб қочиб кетган Равшан бугун суд залида боши эгик холда сўроқ қилинмоқда. Унинг сўзларига кўра, мақсади одам ўлдириш эмас, балки пул ўғирлаш бўлган. У арзимаган пулни деб бир оилани пароканда, ўз келажагини эса барбод қилганини жуда кеч англаб етди.
Маълумотларга кўра, жорий йилда Равшан каби жиноят кўчасига кириб қолган ёшлар сони ўтган йилгига қараганда ошган. Хусусан, етти ойда республика бўйича ёшлар томонидан 5 минг 914 та жиноят содир этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга ошган. Олиб борилган ўрганишларга кўра, ёшларнинг жиноят қилишига асосий сабаб ишсизлиги ва ота-оналарнинг бефарқлигига бориб тақалмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала юзасидан юборилган парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожоновнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилганди.
Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, жамоат тартибини бузган, тарбияси oғир, дарсларга сабабсиз қатнашмайдиган, ҳукуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган ёки содир этган, ўзбошимчалик билан оиладан ёки ихтисослаштирилган ўкув-тарбия муассасаларидан кетиб қолган, адашган ёки қаровсиз қолдирилган 38 минг 671 нафар вояга етмаган шахс ички ишлар органлари таянч пунктларига келтирилиб, улар билан якка тартибдаги профилактик ишлар амалга оширилган. Хусусан, ота-онаси қаровисиз, назоратисиз қолган, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож 2 минг 662 нафар вояга етмаган “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказ”ига жойлаштирилган.
Умуман олганда, ота-оналар бола тарбиясида нимада хато қилмоқда? Биз бу борада ўқитувчилар фикрини ўргандик. Уларнинг сўзларига кўра, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги эътибори ёшлар жиноятининг олдини олишда энг муҳим аҳамиятга эга. Бу билан боланинг қўлига пул бериш, қиммат кийим кийдириш ёки уни энг қиммат мактабга жойлаш назарда тутилмаяпти.
– Бола тарбияси нозик ва жуда муҳим масала, – дейди Шайхонтоҳур туманидаги 132-умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси Нодира Рахимова. – Айниқса, ўспиринлик даврида. Бундай ёшда мактаб маъмурияти, ота-оналар ва маҳалла биргаликда уларга кўз-қулоқ бўлишимиз керак. Чунки келажакда уларнинг ким бўлиб етишиши шу даврдан бошланади. Ҳозирги пайтда айрим ота-оналар фарзанди нима қилаяпти, қаерда юрибди ва кимлар билан дўстлашаяпти, бу билан қизиқмайди. Боласи бир фалокатга учрагандан сўнг уларнинг бу борадаги боҳонаси одатда бир хил – “Ишда эдим, билмай қолибман”, бўлади. Кўпчилик ота-оналар мактабдаги бир чоракда бир марта бўладиган ота-оналар мажлисида қатнашишга вақт ажратмайди. Фарзандларининг мактабдаги ҳаёти қандай кечаётгани билан қизиқмайди. Наҳотки ота-она ўз фарзанди учун бир кунда 20 дақиқа вақт ажратолмаса. Шунинг оқибатида фарзандларининг ўқиши, тартиб-интизоми, муомала-маданияти қай аҳволда эканидан хабарсиз қолади. Ваҳоланки, айрим йигит-қизлар оилада тартибли кўринишса-да, ташқарида ўзларини яҳши тутмайди. Кун келиб ёшларимизнинг бир ишнинг бошини ушлай билмаслиги ҳам ота-оналарнинг лоқайдлигига бориб тақалади. Биз ўқитувчилар ҳар бир болага тўғри таълим бериб, мустақил ҳаётга тайёрлашимиз, муҳим бир касб эгаси бўлишига пойдевор яратишимиз учун ота-оналарининг кўмаги керак.
Дарҳақиқат, ёш авлод тарбиясида оиладаги муҳитни тўғри ташкил қилиш, ота-оналар масъулиятини ошириш муҳим саналади. Жорий йилнинг ўтган даврида фарзандларини тарбиялаш борасидаги мажбуриятини бажармаётган 5 минг 92 нафар ота-онага нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилган. Соҳада олиб борилган тизимли ишлар натижасида тузалиш йўлига кирган, соғлом турмуш тарзига қайтган 2 минг 887 нафар вояга етмаган ҳамда 3 минг 949 нафар ота-она ички ишлар органлари профилактик ҳисобидан чиқарилган.
– Ёшлар тарбиясида барчамиз бирдек масъулмиз, – деди Шайхонтохур туманидаги Белтепа маҳалласи профилактика инспектори Сарвар Абдуллаев. – Асосий тарбия эса оиладан бошланади. Иш жараёнимдаги кузатувларимга кўра, ота-оналар фарзандларини кечаси кўчада мақсадсиз юришига шароит яратиб бермоқда. Жиноятлар ҳам асосан кундузи уйида ухлаб, кечаси кўчада санғиб, бир ишни бошини тутмасликдан келиб чиқмоқда. Жойи келса ота-бола ўртасида ҳурмат йўқ. Бундай оилаларни кузатганимизда уларда диний ва миллий қадриятларимизга хос тарбия етишмаслигини кўришимиз мумкин. Мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши ва спорт билан шуғулланишига етарлича шароит яратилган. Фарзандларини буларга жалб этиш эса ота-оналарнинг вазифаси. Ёшлар учун кенг имкониятлар яратиб берилаётган бўлишига қарамай, айрим йигит-қизлар наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир этиши ва гиёҳвандлик йўлига кириб кетиш ҳолатлари учраётгани ачинарлидир. Ёшлар жиноятчилигининг олдини олишда ички ишлар органлари, тегишли ташкилот ва идоралар, таълим муассасалари, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ҳамда ота-оналар ўртасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш лозим.
Ҳаётий ҳақиқат шуки, маънавияти соғлом инсон фарзандини жиноятчи бўлсин, бировнинг бурнини қонатсин, деб вояга етказмайди. Шундай экан, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига бўлган эътибор ўз келажагимизга бўлган эътибор эканлигини унутмаслик лозим.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА