Ёшлар – тараққиётнинг етакчи кучи
Фарғона вилоятида бугунги кунда 10 та олий ўқув юртлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда 36 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда.
Соҳада ривожланган давлатлардаги нуфузли университетлар билан халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгайди ҳамда Корея халқаро университети, Латвиянинг ахборот тизимлари менежменти олий мактабининг Фарғона филиали, Қўқон университети ташкил этилди. Ҳозирда бу масканларда ўқув жараёни анъанавий таълим шаклида давом этмоқда.

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройида бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирда вилоятдаги олий таълим муассасаларининг талабалари иштирок этди. Унинг доирасида халқаро талабалар куни ҳам кенг нишонланди.
Тошкент давлат юридик университети ректори Р.Ҳакимов, Ўзбекистон халқ артисти М.Йўлчиева, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Қосимов ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар камолоти ва таълим-тарбияси борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди. Янги Ўзбекистонда ёшлар тараққиётнинг етакчи кучи эканлиги қайд этилди.

– Талабалик – инсон ҳаётининг олтин даври, дейдилар, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Рисолатхон Мамажонова. – Чунки шу паллада олинган билим, эгалланган марра кишининг умр йўлини белгилайди. Вилоятдаги ёшлар етук мутахассис бўлишлари учун астойдил билим олмоқда. Уларнинг орасида ибрат бўладиган фаол ёшлар кўп. Бугунги анжуманда бу алоҳида эътироф этилди.
Санъаткорларнинг ватан, ёшликни тараннум этувчи қўшиқлари кечага ўзгача файз бағишлади.

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА