Ёшлар таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди
Ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, бандлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди.
Унда Гулистон ҳарбий прокурори, полковник Фаррух Жўмаев, Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, полковник Низомиддин Абдувалиев, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, подполковник Нодир Салимжонов ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти ҳарбий бўлим бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов иштирок этди.

Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва иқтидорини рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди. Ёшларнинг фикр ва таклифларини тинглаш, ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда мавжуд муаммоларни масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.


Учрашувда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва гиёҳвандликнинг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Профилактик суҳбатлар давомида гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, қонунбузилишларнинг жавобгарлиги, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш юзасидан тушунтиришлар берилди.


— Бугунги учрашувда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарлик ва гиёҳвандликнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай мулоқотлар ёшларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва келажакка ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти ҳарбий бўлим бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.

Бугун ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқот уларнинг эҳтиёж ва интилишларини чуқурроқ ўрганиш, таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш имконини берди.
Ғулом Примов,ЎзА мухбири