Ёшлар ўз ташаббус ва режалари билан бўлишди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Тошкент транспорт техникумида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
“Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда ёшлар билан очиқ ва самарали мулоқот қилинди ва уларнинг фикр-мулоҳазалари, ташаббус ва таклифлари тингланди.
Хусусан, ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан бевосита мурожаат қилиб, таълим сифати, бандлик, амалиёт ва келажак режаларига оид қатор долзарб таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Масъуллар томонидан ҳар бир мурожаат атрофлича тингланиб, тегишли тушунтириш ва амалий ечимлар бўйича йўналишлар берилди.
Шунингдек, фаол ва ташаббускор ўқитувчилар ҳамда иқтидорли ёшлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан махсус ташаккурномалар билан тақдирланди.
Учрашув доирасида меҳмонлар техникумдаги таълим жараёни, амалий машғулотлар ҳамда ўқув-амалиёт устахоналари фаолияти билан яқиндан танишиб, яратилган шарт-шароитларга юқори баҳо берди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА