Ёшлар нега жиноятга қўл урмоқда
Мамлакатимизда жиноятчилик ва уни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса ёшларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноят йўлига кириб кетишларининг олдини олиш энг муҳим масалалардан биридир.
Бугун жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг ёшлар ўртасида кузатилаётгани аччиқ ҳақиқат. Фарғона вилоятида жиноят ишлари бўйича шаҳар-туман судлари томонидан жорий йилнинг ўзида 1 минг 993 нафар ёшларга нисбатан 1 минг 663 та жиноят иши судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган. Шундан 181 нафарини вояга етмаганлар ташкил этган.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ташаббуси билан Фарғона вилоят суди, вилоят маъмурий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят бўлими ҳамкорлигида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни барвақт олдини олишга бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди. Унда пробация гуруҳи ҳисобида турган ва жазо ўтаётган ёшлар иттифоқи томонидан кафилликка олинган ёшлар, вояга етмаганлар, жиноятга мойиллиги бор ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Мулоқотда вилоят судининг раиси Шуҳрат Камолов ёшларни турли салбий иллатлардан, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишига олиб келувчи таҳдид ва омиллардан асраш, уларга тўғри йўл кўрсатиш, эртанги кунимизга бефарқ бўлмаслик барчамизнинг фуқаровий бурчимиз эканлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятни бир қисми тайинли бир иш жойига эга бўлмаган ёшлар томонидан содир этилаётгани, бундай шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олишда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди. Хусусан, жиноят содир этган ёшларнинг машғулоти таҳлилига кўра, судланган ёшларнинг 1 минг 578 нафари ёки 79,1 фоизини ишсиз ёшлар ташкил этиши, албатта ачинарли ҳолдир.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалилов ёшларнинг маънавиятини ошириш ва касбга ўргатиш билан банд қилиб, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини, шунингдек, китоб ўқишни тарғиб қилиш, санъатни ривожлантириш, ёшларнинг иқтидорини намоён этиш, спортга қизиқтириш, улар ўртасида ҳар хил танловлар, мусобақалар ўтказиш, муайян иш билан банд қилиш жиноятларнинг келиб чиқишини олдини олишга асосий омил бўлишини тушунтириб ўтди.
Очиқ тарздаги мулоқотда айрим ёшларнинг содир этган жинояти хусусида ҳам сўз юритилди. Жазони ўташда қўйилган талаблар юзасидан мулоҳазалар билдирилди. Ёшлар қилган жиноятлари билан ота-оналарининг юзларини ерга қаратиб қўйишгани, маҳаллада ва ошна-оғайнилари ўртасида ҳам уялиб қолишгани хусусида сўз борди. Мулоқот давомида ёшларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди, ота-оналарнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.
Тадбир сўнгида Судьялар Олий кенгаши томонидан ёшларга бадиий китоблар совға қилинди.
М.Сулаймонов, ЎзА