Ёшлар мурожаатлари доимо эътиборда
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида ўтказилган тадбирда ёшлар ишлари агентлиги туман-шаҳар бўлим бошлиқлари ҳамда маҳалла ёшлар етакчилари қатнашди.
Тадбирда жорий йилнинг 11 апрел куни Президентимиз раислигида ўтказилган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижроси, ёшлар бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, "Беш ташаббус олимпиадаси" спорт мусобақаларини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

–Мамлакатимизда ёшларни баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов. – Ўғил-қизларни бугунги таҳликали даврда турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаб, ёшларнинг фикрларини бировлар эгалламасдан туриб, уларга ўзимиз тўғри йўл кўрсатишимиз зарур.
Йиғилишда туман ва шаҳарларда ёшлар мурожаатлари билан ишлашда сусткашликка йўл қўяётган айрим туман-шаҳар бўлими бошлиқлари фаолияти танқид қилинди. Шунингдек, ҳудудлардаги ўғил-қизлар билан яқиндан мулоқотлар ташкил қилиниб, улар томонидан билдирилаётган ҳар бир масала ва унинг ечими пухта ўрганилиб, таклифлар тайёрлаш, ташаббуслар билан чиқиш лозимлиги таъкидланди.
А.Мусаев, ЎзА