Ёшлар муаммолари тингланди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Мўйноқ туманидаги бир қатор ишсиз, оталиққа олинган ва фаол ёшлар билан учрашув ўтказди.
Тадбир олдидан ёшлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Бундан ташқари, йиғилганлар эътиборига ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилган шароитлар, берилган имкониятлар бўйича тақдимот ҳавола этилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида белгиланган пайшанба - Ёшлар куни доирасида учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Ушбу учрашувлар ёшларнинг фикр ва ғояларини тинглаш, уларнинг ижодий ва ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётий ва касбий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес раиси юртимизда Президентимиз томонидан қорақалпоғистонлик ёшларга қаратилаётган юқори эътибор, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида алоҳида сўз юритди. Шу билан бирга, бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган ёшлар сони ортиб бораётганини алоҳида қайд этди.
Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, муаммо ва таклифларни билдиришди. Унда иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш каби масалалар кўтарилди. Ҳар бир масала Жўқорғи Кенгес раисининг шахсий назоратига олиниб, уларга тез орада ижобий ечим топиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига аниқ топшириқ берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири