Ёшлар муаммолари тингланди, ечимлар белгиланди
Ёшларни эшитиш, уларнинг муаммо ва таклифларига қулоқ тутиш, энг муҳими, кўтарилган масалаларга амалий ечим топиш — бугунги кун раҳбарлари олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Сайхунобод туманида ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқот ана шу мақсадга қаратилди.
Анъанавий Ёшлар куни доирасида Шодлик маҳалласидаги «Истироҳат боғи»да ўтказилган учрашувда туман ҳокими Комилжон Муллажонов, туман прокурори Бекмурод Қурбонов ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиғи Рустам Умматқулов иштирок этиб, ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилинди.

Самимий ва очиқ руҳда ўтган суҳбат давомида ёшлар бандлик, тадбиркорлик, таълим, уй-жой, имтиёзли кредитлар, касб-ҳунар ўрганиш ҳамда бошқа муҳим масалалар юзасидан ўзларини қийнаётган муаммолар ва таклифларини билдиришди.
Мулоқотнинг эътиборли жиҳати шундаки, ёшларнинг 8 нафар мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва масъуллар иштирокини талаб қиладиган масалалар бўйича эса аниқ вазифалар белгилаб олинди.

— Ёшларнинг ишончини сўзлар билан эмас, амалий ишлар ва аниқ натижалар билан қозониш мумкин. Бугунги очиқ мулоқотда кўтарилган ҳар бир масала ортида ёшларнинг орзу-мақсадлари, режалари ва келажакка бўлган ишончи мужассам. Шунинг учун ҳар бир мурожаатга бефарқ қарамасдан, унинг ижобий ечимини топиш ва натижага эришиш ҳар бир раҳбарнинг энг муҳим вазифаси, фаолиятининг асосий мезони бўлиши шарт, — деди туман ҳокими Комилжон Муллажонов.

Бугун раҳбар фаолияти фақат эгаллаб турган лавозими билан эмас, балки одамлар, айниқса, ёшлар билан қанчалик яқин ишлаётгани, уларнинг муаммоларига қанчалик тезкор ва самарали ечим топаётгани билан баҳоланмоқда.

Шу маънода, Сайхунободдаги очиқ мулоқот ҳам ёшларнинг фикри ва ташаббуслари эътибор марказида экани, уларнинг муаммоларига ечим топиш эса устувор вазифа сифатида белгиланганини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА