Ёшлар масаласи доимий эътиборда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳаёт ҳар бир кишига улкан ва бебаҳо туҳфа инъом этади, бу куч-қувватга тўла ёшлик, билим ва курашга чанқоқлик, ишонч ва орзу-умидга тўла ўспиринликдир. Демак, ёшлик берган имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз зарур. Маълумки, мамлакатимизда 2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди. Бу мамлакатимиз ёшларига бўлган эътиборнинг яна бир ифодаси десак, муболаға бўлмайди.
Кейинги етти йилда ёшлар сиёсати самарадорлигига оид жами 100 га яқин қонун ва қонуности ҳужжатлари, жумладан, 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим олиши, ўсиб-улғайиши, ўз билим ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитларни яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-15784]
Сурхондарё вилоятида ҳам ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилган. Натижада, воҳа ёшлари турли соҳаларда ўз истеъдодини намойиш этмоқда.
Вилоятда ҳозирги кунга қадар 733 минг нафар 14-30 ёш оралиғидаги ўғил-қиз мавжуд бўлиб, уларнинг 33 минг 170 нафари “Ёшлар дафтарига” киритилган ва 27 минг 502 нафарига амалий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг 6 минг 338 нафари ишга жойлаштирилган, 302 нафарига имтиёзли кредит ажратилган бўлса, яна 377 нафари нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди.
Шеробод тумани Олтин воҳа маҳалласида яшовчи Шаҳноза Кўчарова ҳам “Ёшлар дафтари” кўмаги билан ўз бизнесини бошлаган ёшлардан. Субсидия асосида тикув машинасини олгач, Шаҳноза маҳалла биносидан тўгарак очиш ва 100 нафар ёшга ўз ҳунарини ўргатишга улгурди. Ҳозирда у Термиз муҳандислик-технология институтида таълим олмоқда. Шу билан бирга, талабалар ётоқхонасида 60 нафар талаба-қизга тикувчилик сир-асрорларини ўргатмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА