Ёшлар масаласи доимий эътиборда
Якунланган йил мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида катта ўзгаришларга бой бўлди – ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий соҳаларда кўплаб ютуқларга эришилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий 2024 йилга мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилиши мақсадларимиз рўёбига интилиш ва келажакка бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлади.
Давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш бўйича ишлар бундан буён ҳам давом этишини, “Ёшлар учун – минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинганини таъкидлади.

Унга кўра, келгуси йилдан бошлаб фарзандларимизга рағбат берадиган энг машҳур илмий-оммабоп китобларни ўзбек тилига таржима қилиб, мактаб ва кутубхоналарга бепул тарқатиш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Бугун юртимизда келажак авлодни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказишга қаратилган бу каби эзгу лойиҳалар жуда кўп. Шунга монанд равишда мамлакатимиз аҳолисининг аксар қисмини ташкил этувчи ёшларимизнинг юрт ривожи, мамлакат тараққиёти йўлида ўзларининг ақлу заковати, шижоати билан камарбаста бўлаётги ҳам қувонарли, албатта.
Бу ўз навбатида, ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш йўлида яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитларнинг натижасидир.
Демак, олдимизда турган 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йилида ҳам келажак авлод йўлидаги эзгу ташаббуслар бардавом бўлади. Ўз навбатида биз ёшлар ҳам яратиб берилаётган янги имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда, илм-фан, инновация, замонавий IT касбларини пухта ўзлаштиришимиз, янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этишимиз даркор.
Шерзодхон Исламов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши
марказий аппарати бош мутахассиси.