Ёшлар маънавиятини бойитувчи буюк мерос
XVIII асрда яшаган туркман шоири ва мутафаккири Маҳтумқули Фироғийнинг шеърлари ҳозирги кунда ҳам ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Унинг асарлари инсонпарварлик, меҳнатсеварлик қадриятлари ва миллат бирлиги ғоялари билан суғорилган бўлиб, турли халқ ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда йўналтирувчи ҳақиқий маънавий хазина вазифасини бажаради.
Гулистон давлат педагогика институтида талабалар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида ўтказилган тадбирда шоир ҳаёти ва ижодига кенг эътибор қаратилди. Тадбир давомида талабалар шеърлардан мисоллар ўқиб, фикр алмашдилар ва “Маҳтумқули Фироғий” бадиий фильмини томоша қилишди. Томоша ва муҳокамалар орқали шоир меросининг маънавий муҳитдаги аҳамияти янада яққол намоён бўлди.

– Маҳтумқулининг Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олгани, Алишер Навоийдек буюк устозларнинг таъсири ва дўст-ёрлари билан муносабатлари унинг ижодига илҳом бахш этгани ҳам муҳокама қилинди. Шоир ўз асарларида халқ дардини, миллат орзу-умидларини, бирдамлик ва маърифат ғояларини содда ва таъсирчан тилда ифода этган. Шу боис, унинг ижоди асрлар давомида халқ қалбида яшаб келмоқда ва маънавий бойлик сифатида қадрланади, – дейди тилларни ўқитиш факультети, Ўзбек тили ва тилларни ўқитиш кафедраси катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Аҳимжон Мардонов.

2024 йил 19 февралда давлатимиз раҳбари Маҳтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори бу буюк меросга оид эътиборни янада оширди. Шунингдек, Ўзбекистон Маҳтумқули асарлари энг кўп нашр қилинадиган ва ўқиладиган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда, унинг шеърлари ва улар асосида яратилган қўшиқлар деярли ҳар хонадонга кирган.

Маҳтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, балки жаҳон адабиёти ва маданиятида ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг ижоди ёш авлод учун ибрат намунаси бўлиб, маънавиятга чорловчи ҳақиқий хазина ҳисобланади.

Институтда ўтказилган тадбир нафақат талабаларнинг маънавий ва маданий билимларини бойитишга хизмат қилди, балки уларда халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, миллий ва умумбашарий қадриятларга эътиборни оширишда ҳам муҳим роль ўйнади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири