Ёшлар куни: Наманганда ўзгача ўтган байрам
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда 30 июнь – “Ёшлар куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Хусусан, ушбу санани Наманган вилоятининг ёш, иқтидорли ва зукко ўғил-қизлари улкан зафарлар оғушида, зўр шоду-хуррамлик билан нишонлади.
Улуғ маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибратнинг ворислари бўлмиш тўрақўрғонлик ёшлар учун якунига етган ўқув йили салмоқли келди. Тумандаги умумтаълим мактабларини 2 минг 920 нафар ўқувчи битириб, шундан 61 нафари олтин, 22 нафари кумуш медал соҳиблари бўлди. 13 битирувчи муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабаси бўлиш бахтига эришди.
Маданият марказида сана муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда ана шу илғор ўқувчилар муносиб тақдирланди.

Шунингдек, туман марказидаги ўйингоҳда велокросс ва “Ватанпарвар” ташкилоти туман спорт-техника клубида мерганлик мусобақалари ўтказилди. 200дан ортиқ ўғил-қизларни қамраб олган “Миллий юриш” ҳам ўзига хослиги билан кўпчилик эътиборини тортди.
Ўзбекона миллий кийимлардаги ёшлар туман маркази кўчаларидан юриб ўтди. Ҳам саломатлик учун фойдали ҳам асрий қадриятларни сақлаб қолишда муҳим ўрин тутадиган мазкур тадбир туман секторлари кесимида ҳам амалга оширилди.
– Туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамкорлигида уюштирилган “Миллий юриш” анъанавий тадбир бўлиб қолиши учун ҳаракат қиламиз, – деди туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Азамат Абдукаримов.

Мингбулоқ туманида эса туман прокурори масъул иккинчи сектор ташаббуси билан умумтаълим мактабларини аъло баҳоларга тамомлаган битирувчиларга олтин ва кумуш медалларни топшириш маросими ўтказилди.
Жорий ўқув йилида тумандаги мактабларнинг 11-синфини 1 минг 752 нафар йигит-қиз муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. Битирувчиларнинг 13 нафари олтин ва 13 нафари кумуш медалларга сазовор бўлди.
Маълумот учун, туманда энг кўп олтин медаль 13-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиларига тегишли бўлиб, улар 8 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, битирувчиларнинг 101 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларига кириш бахтига эришди.
Ёшлар куни муносабати билан Янгиқўрғон туманидаги чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда учқўрғонлик ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Учқўрғон тумани ҳокимлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи мутасаддилари, 12-сонли, 19-сонли мусиқа мактаблари ўқувчилари ва 50 нафар уюшмаган ёш иштирок этди.

“Очиқ эшиклар куни”да ёшлар ҳарбий қисм фаолияти билан яқиндан танишди. Ҳарбий қисм аскарлари ва санъаткорлар томонидан кўргазмали чиқишлар, спорт мусобақалари ташкил этилди.
Тадбирда фаол иштирок этган ёшларга бадиий китоблар ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундай тадбирлар ёш авлод вакилларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА