Ёшлар ҳуқуқий онги – жамият келажаги пойдевори
Инсон ҳуқуқлари – адолатли ва барқарор жамиятнинг энг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Ёш авлод қалбида ушбу тушунчаларни эрта шакллантириш эса нафақат уларнинг ўз ҳуқуқларини англаши, балки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишини ҳам таъминлайди. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда умумтаълим муассасаларида “Омбудсман соати” машғулотларининг тизимли йўлга қўйилгани алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан бир қатор таълим муассасаларида амалий дарслар ташкил этилди. Хусусан, Жондор туманидаги 8-сонли мактаб, Бухоро туманидаги 14- ва 24-сонли умумтаълим мактаблари, Қоровулбозор туманидаги 2-мактаб, Ромитан туманидаги 7-сонли ҳамда Қоракўл туманидаги 15-сонли мактабларда ўтказилган машғулотларда 500 нафарга яқин ўқувчи қамраб олинди.

Мазкур дарслар интерфаол усуллар асосида ташкил этилгани билан аҳамиятли бўлди. Видеоматериаллар, ҳаётий мисоллар ва жамоавий муҳокамалар орқали ўқувчиларнинг фаол иштироки таъминланди. Дарслар давомида ўқувчиларга ўз ҳуқуқ ва бурчларини чуқур англашга ёрдам берувчи турли кейслар тақдим этилди. Шунингдек, рақамли муҳитда хавфсизлик, кибербуллингнинг олдини олиш ва интернетдан оқилона фойдаланиш каби долзарб мавзулар ҳам атрофлича ёритилди.

Тадбирлар жараёнида ўқувчилар ҳуқуқий ҳолатларни таҳлил қилиш, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ҳамда ўз ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда қайси ташкилотларга мурожаат қилиш лозимлиги ҳақида амалий кўникмаларга эга бўлди. Бу эса уларнинг нафақат билим, балки ҳаётий тажрибасини ҳам бойитди.
“Омбудсман соати” каби ташаббуслар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни фаол фуқаролик позициясига эга шахслар сифатида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ҳуқуқини билган, масъулиятни ҳис этган ва адолат тамойилларига содиқ авлод юрт келажагининг ишончли кафолатидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.