Ёшлар ҳарбий хизматга кузатилди
Ватанни асраш ва ҳимоя қилиш чинакам мард инсоннинг шарафли бурчи ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам бу борадаги эзгу қадриятлар бардавомлигини таъминлаш доимий эътиборда.
Шунга кўра, Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси томонидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган 207 нафар ёшни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кузатишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Довруқов она Ватан ҳамда халқ олдидаги йигитлик бурчини садоқат билан ўташ учун жўнаб кетаётганлар забардаст ўғлонларни табриклаб, эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини Ватанига содиқ, ҳарбий хизматга ҳар томонлама тайёр бўлган фуқаролар билан бутлаш, улар томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва шароитларини, қўшинларнинг давлатнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доимий жанговар шайлигини таъминлаш каби мавзуларда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА