Гулистон давлат университетида талаба- ёшларнинг гиёҳвандлик ва турли психотроп дори воситалари таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ва уларнинг жамиятда ҳар хил зарарли омиллардан холи камолга етиши учун "Ёшларимиз гиёҳвандлик ва турли психотроп дори воситаларига қарши" мавзусида профилактик тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда Сирдарё вилоят ИИБ гиёҳвандликка қарши кураш бўлими масъул ходимлари Н.Нуруллаев ва Ҳ.Мазбудов, Янгиер шаҳар ИИБ ёшлар билан ишлаш бўлими катта инспектори О.Абдусаматовлар мавзу юзасидан маърузалар қилишди.
–Бугун университетимизда ташкил этилган профилактик тадбир таълим-тарбия олаётган ёшларни турли иллатлардан, жумладан, гиёҳвандлик, турли синтетик ва психотроп моддалар таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам берибгина қолмай, уларнинг соғлом ва баркамол авлод бўлиб шаклланиши, жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилади,–дейди университетнинг Психология ва ижтимоий фанлар факультети декани Акмалжон Танибердиев.
Гиёҳвандлик дори воситаларига қарши ўтказилган профилактик тадбир давомида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан тайёрланган видеолавҳа ҳам намойиш этилди. Шундан сўнг, талаба -ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислардан жавоблар олишди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири