Ёшлар етакчиси – аҳолининг яқин кўмакчиси
Навоий вилояти Хатирчи туманидаги «Боғчакалон» маҳалласида кунларда самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда маҳаллада тайинланган ёшлар етакчисининг ҳам ўз ўрни бор.

Маҳаллада 3 минг 197 нафар киши истиқомат қилади. Ҳудуд ёшларининг 200 нафари спорт билан шуғулланишга жалб этилган. Маҳалла ўйингоҳида ҳар куни спорт машғулотлари ўтказилади. Спортнинг ҳар бир турида чиниққан ёшлар туман бўйлаб ўтказиладиган турли мусобақаларга жалб этилиб, маҳалла шаънини ҳимоя қилади.
– Жорий йил 21 январдан «Боғчакалон» маҳалласи ёшлар етакчиси лавозимига киришдим, – дейди Улуғбек Эргашев. – Бу инсонга ўзгача масъулият юклар экан. Эртаю кеч маҳалладаги инсонлар тақдири ҳақида ўйлайман. Фаолиятимга чуқурроқ киришар эканман, тизимда ҳали қилинадиган ишлар кўп эканлигини англадим.

Биринчи олдимда турган вазифам маҳаллада 17 нафар имконияти чекланган ва 67 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка йўналтириш. Яқинда маҳалламизда яшовчи «Ёшлар дафтари»га киритилган Нилуфар Шодиевага субсидия асосида инкубатор берилди. Умид қиламанки, бу имконият Нилуфар учун катта ишлар қилишида дебоча бўлиб хизмат қилади.
Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан ҳудуддаги икки нафар ёш Тошкентнинг сўлим Бўстонлиқ туманидаги соғломлаштириш оромгоҳига юборилди. Айни кунларда ёзги таътил оромгоҳларига мактаб ёшидаги болалар рўйхати шакллантирилмоқда.

– Маҳаллада деҳқончилик билан шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд, – дейди У.Эргашев. – 35 нафар ёшга деҳқончилик билан шуғулланиши учун ер ажратдик. «Ёшлар дафтари»га киритилган Шероз Пармонов, Фаррух Нормаматовга инкубатор ва пайвандлаш ускуналари топширилди. Энди уларга ўз ишини йўлга қўйиб, мутахассислардан кўникма, йўл-йўриқ олишлари учун ўқув-машғулотлари ташкиллаштиряпмиз.
Ҳар бир маҳаллада ўқишни, ишлашни хоҳлайдиган ва тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқманд ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Уларга керакли ва зарур кўникмалар берилса, ёшлар ўз орзу-мақсадларига эришади. Бу йўлда ҳар бир маҳаллада заҳматкаш, фидойи ва ҳалол ёшлар етакчиси бўлса кифоя.
Дилобар Маматова, ЎзА мухбири