Ёшлар етакчилиги — Ватанпарвар авлод тарбиясининг муҳим таянчи
Бугун мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, билим ва салоҳиятини юксалтириш, айниқса, ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан ёшлар билан ишлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида бир ҳақиқат мужассам: ёшлар — мамлакатнинг нафақат эртанги, балки бугунги тараққиётини белгилайдиган кучдир. Шу боис улар билан ишлайдиган етакчиларнинг билими, ташаббускорлиги, масъулияти ва замонавий ёндашуви алоҳида аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондонлиги ҳамкорлигида куч тузилмаларидаги ҳарбий қисм бошланғич ташкилот етакчилари иштирокида ўқув-семинари ташкил этилди.
Семинарда бошланғич ташкилотлар томонидан шу кунга қадар амалга оширилган ишлар чуқур таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар, аниқ чора-тадбирлар ва мақсадли дастурлар белгилаб олинди.
Эътиборлиси, тадбир оддий ҳисобот ёки тажриба алмашиш билан чекланмади. Унда ёшлар билан ишлашнинг бугунги талаблари, мавжуд муаммолар ва уларнинг самарали ечимлари очиқ муҳокама қилинди.
Зеро, ҳарбий қисмдаги ёшлар етакчиси — фақат тадбир ташкилотчиси эмас. У ёш қалбига Ватан туйғусини сингдирадиган, уни эзгу мақсадлар сари йўналтирадиган, ташаббусини қўллаб-қувватлайдиган ва жамоада соғлом муҳитни шакллантирадиган муҳим шахсдир.
Шу нуқтаи назардан семинарда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур, Ватанга садоқат, бурч ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида бошланғич ташкилот етакчиларининг ўрни ва масъулияти кенг муҳокама қилинди. Чунки бугунги ёш билан самарали мулоқот қилиш учун унинг қизиқиши, дунёқараши ва замонавий ахборот муҳитидаги эҳтиёжларини яхши англаш талаб этилади.
Семинар иштирокчиларига ёшлар билан ишлашда қўлланилаётган замонавий усул ва механизмлар, тарбиявий тадбирларни таъсирчан ташкил этиш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан зарур тушунчалар берилди.
— Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Ҳуқуқбузарлик содир этган ёшлар билан профилактик ишларни тизимли ташкил этиш, уларни жамиятга қайта мослаштириш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кафиллик институтидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди, — деди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Бухорор вилояти Кенгашининг бўлим бошлиғи Эркин Шаропов.
Семинарнинг иккинчи қисми эса амалий тажриба ва мулоқот майдонига айланди. Бошланғич ташкилот етакчилари давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга ошираётган ишлари билан ўртоқлашдилар. Илғор тажрибалар муҳокама қилиниб, уларни бошқа ҳарбий қисмларда ҳам оммалаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда ёшлар қалбида Ватан туйғусини юксалтириш фақат байрам тадбирлари ёки бир марталик учрашувлар билан эмас, балки узлуксиз, тизимли ва таъсирчан тарбия жараёни орқали амалга оширилиши зарур. Бу борада ҳарбий жамоалардаги ёшлар етакчиларининг фаоллиги айниқса муҳим.
Шу маънода мазкур ўқув-семинари бошланғич ташкилот етакчилари учун янги билим ва кўникмалар майдони бўлиш билан бирга, ўз фаолиятига танқидий ва таҳлилий ёндашиш, мавжуд имкониятларни қайта баҳолаш, янги ташаббусларга йўл очиш учун муҳим қадам бўлди.
Тадбир якунида бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада кучайтириш, ёшлар билан ишлашда замонавий ва самарали ёндашувларни кенг жорий этиш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг таъсирчанлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Энг муҳими, семинар иштирокчиларида “ҳар бир ёш — эътиборда, ҳар бир ташаббус — қўллаб-қувватловда, ҳар бир эзгу мақсад — натижада” тамойили асосида ишлашга кучли рағбат уйғотилди.
Зеро, Ватан ҳимоясига тайёр, билимли, маънавий баркамол ва фаол ёшларни тарбиялаш — бир ташкилотнинг эмас, бутун жамиятнинг муқаддас вазифасидир. Бу вазифани ҳаётга татбиқ этишда эса ҳар бир ёшлар етакчисининг шахсий намунаси, ташаббуси ва фидойилиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бугунги семинар — эртанги улкан натижалар учун пойдевор. Зеро, Ватанга садоқатли авлод ўз-ўзидан шаклланмайди. Уни тарбиялайдиган, қўллаб-қувватлайдиган ва юксак мақсадлар сари бошлайдиган фидойи инсонлар керак.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири