Ёшлар билан учрашув
“Алоҳида тоифадаги ёшлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш куни” доирасида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Зоҳидовнинг Гулистон шаҳри ёшлари билан очиқ ва самимий учрашуви бўлиб ўтди.
Давра суҳбати шаклида ўтказилган учрашув ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, муаммо ва таклифларини тинглашдан бошланди. Мулоқот давомида таълим сифатини ошириш, бандликни таъминлаш, оила ва никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш каби муҳим масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ёшлар томонидан билдирилган ташаббус ва таклифлар алоҳида эътибор билан қайд этилди.

Учрашув жараёнида, айниқса, ёшларни қийнаётган ҳуқуқий масалаларга алоҳида урғу берилди. Мутахассислар томонидан ушбу муаммолар юзасидан батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, амалий ечимлар таклиф этилди.

Тадбир доирасида адлия органлари ходимлари иштирокида амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. Унда ёшларга Lex.uz платформасидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мустақил излаб топиш кўникмалари ўргатилди.

Шунингдек, Давлат хизматлари маркази мутахассислари томонидан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаги имкониятлари намойиш этилди ҳамда давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш тартиби амалиётда кўрсатиб берилди.

– Бугунги мулоқот менда жуда ижобий таассурот қолдирди. Энг муҳими, бу ерда ёшлар ўзларини эркин ҳис қилиб, муаммоларини очиқ айтди ва аниқ жавоблар олди. Айниқса, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантиришда учрайдиган ҳуқуқий масалалар бўйича берилган тушунтиришлар мен учун жуда фойдали бўлди,– деди ёш тадбиркор Мурод Жўраев.–Шунингдек, Lex.uz платформасидан фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ҳам катта ёрдам берди. Энди мен керакли қонун ҳужжатларини мустақил равишда топиб, ўз фаолиятимда қўллаш имкониятига эгаман.


Мазкур учрашув ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтиришга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири