Ёшлар билан очиқ мулоқот
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Хоразм вилояти бошқармасида раҳбар ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
Учрашувда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

– Тадбир давомида жамоа шартномаларида ёш ходимлар учун белгиланган қўшимча имтиёз ва кафолатлар, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя масалалари атрофлича тушунтирилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исмаилов. – Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан ёшлар учун ташкил этилаётган саёҳатлар, маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ва турли акциялар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди.

Очиқ мулоқот тарзида самимий ўтган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ҳамда ўз таклиф ва ташаббусларини ҳам билдирди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА