Ёшлар билан ишлашнинг янги модели жорий этилади
Сирдарё вилоятида ёшлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган “Сирдарё тумани намунаси” жорий этилади. Бу ҳақда Ёшлар масалалари бўйича Республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ва комиссия раиси ўринбосари Жаҳонгир Жўраевнинг вилоятга ташрифи доирасида маълум қилинди.
Сирдарё ва Ховос туманларида ўтказилган очиқ мулоқотда вилоят ва туманлар раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, ташкилотлар вакиллари ҳамда фаол ёшлар иштирок этишди. Учрашув давомида юздан ортиқ ёшларнинг бандлик, таълим, тадбиркорлик, касб-ҳунар эгаллаш, уй-жой билан таъминлаш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид мурожаат ҳамда таклифлари тингланди.

Ёшлар томонидан билдирилган ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Айрим масалалар бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

Учрашувнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида Сирдарё туманида «Сирдарё тумани намунаси»ни жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Янги модель маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, муаммоларини манзилли ҳал этиш ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Таъкидланганидек, мазкур тажриба асосида давлат органлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик мустаҳкамланиб, ҳар бир ёш билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилади. Бу эса ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

Учрашувда ёшлар сиёсати давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани яна бир бор таъкидланиб, давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг жамият тараққиётидаги иштирокини кенгайтириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Очиқ мулоқот ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитиш, уларнинг муаммоларига амалий ечим топиш ҳамда ҳудудларда ёшлар билан ишлашнинг самарали моделларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишлар изчил давом этаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири