Ёшлар бандлигини таъминлаш, бизнес ғояларини молиялаштириш бўйича янги имкониятлар ўрганилди
Бугун битирувчиларининг меҳнат бандлигини таъминлаш ғоят долзарб масаладир. Жорий йилнинг 24 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” ўтказилиши таъкидланган эди.
Мазкур ташаббус доирасида Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университетида “Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ва бизнес ғояларини молиялаштириш бўйича янги имкониятлар” мавзусида битирувчилар билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти раҳбарияти ҳамда Тошкент Давлат техника университети битирувчи талабалари иштирокида очиқ мулоқот шаклида ташкил этилди.
[gallery-29532]
Қайд этилганидек, бугунги кунга қадар “Келажакка қадам” дастури доирасида Тошкент Давлат техника университетидан 45 нафар битирувчи ёшлар тадбиркорликка жалб этилди. Уларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қадар 3 млрд. сўмга яқин маблағ ажратилди. Бу кўрсаткичлар ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айтиш керакки, бундай очиқ мулоқотлар ҳар ҳафта давом эттирилиши режалаштирилган. Бундай самимий мулоқотлар давомида ёшлар муаммоларини жойида ҳал этиш, уларнинг ташаббусларини тинглаш ва амалий қўллаб-қувватлаш имкони янада кенгаяди.
Учрашув давомида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, савол-жавоблар, таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди. Шунингдек битирувчилар томонидан йирик иш берувчилар билан ҳамкорликда бизнес-тренинглар ўтказилиши ва 1 млрд.сўмдан ортиқ бизнес лойиҳалар таклифи ўртага ташланди.
Тадбир якунида иштирокчилар бандликни таъминлаш ва бизнес ғояларни молиялаштириш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан келишиб олдилар.
Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат)
ЎзА