Ёшлар бандлиги — камбағалликка қарши самарали ечим
Жиззах вилоятида аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Зомин туманидаги “Artel Electronics Zomin” корхонасида йирик бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Мазкур тадбир Жиззах вилояти ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ташаббуси билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди. Бу эса ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи давлат ва жамоат институтлари ўзаро ҳамжиҳатликда ҳал этилаётганини кўрсатади.
Ярмаркада икки минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, ўз касбий кўникма ва қизиқишларига мос иш ўринлари бўйича иш берувчилар билан дастлабки келишувларга эришди. Бу каби очиқ мулоқот майдонлари ёшларнинг меҳнат бозорига кириб келишини енгиллаштириб, уларнинг келгуси фаолияти учун мустаҳкам замин яратади.
Айниқса, тадбир давомида тижорат банклари томонидан мингдан зиёд пластик карталар расмийлаштирилгани ёшларни ишга жойлаштириш жараёнини тезлаштириш, уларни расмий даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу эса “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.
Мазкур ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган 2021 йил 11 августдаги “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда 2020 йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар — аҳолини, айниқса ёшларни даромадли меҳнат билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш орқали камбағалликни бартараф этиш жойларда аниқ ва манзилли чора-тадбирлар орқали ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Зоминдаги ярмарка ана шу сиёсатнинг амалий ифодаси бўлиб, ҳар бир иш ўрни — бир оиланинг барқарор даромад манбаи, ҳар бир банд ёш эса камбағалликка қарши қўйилган мустаҳкам қадам эканини яна бир бор намоён этди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА