Ёшлар бандлиги эътиборда
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Порлоқ келажак” болалар ёзги оромгоҳида Вобкент, Шофиркон ва Ғиждувон туманлари “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарларига киритилган ёшлар ва хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, уларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, шу орқали жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу борада меҳнат ярмаркалари ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани эътироф этилди. Ёшлар ва хотин-қизлар масаласи, улар муаммолари билан шуғулланиш барча сектор раҳбарларининг ҳар кунги иши бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.


Меҳнат ярамаркасида бўш иш ўринларининг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассисларга мўлжалланган. Ярмаркада таклиф этилган иш ўринларининг ярмидан кўпи тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келгани туманларда бандлик масаласини ҳал этишда кичик бизнес вакилларининг улуши ортиб бораётганидан далолат беради.
Иштирокчилар корхона, ташкилот ва муассасалардаги иш ўринлари, ходимларга яратилган шароитлар, ижтимоий ҳимоя ва ойлик маошлари ҳақида маълумотларга эга бўлди.


Мазкур ярмаркада 5 минг нафардан зиёд ишсиз фуқаролар ва ёшлар қамраб олинди.
– Меҳнат ярмаркаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда истиқомат қилаётган ишсиз хотин-қизларнинг 79 нафари “Халқ банки” томонидан имтиёзли кредит асосида ҳар бири 3,5 миллион сўм қийматга эга бўлган замонавий тикув дастгоҳлари билан таъминланди, – дейди АТ Халқ банки вилоят бўлими Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Наргиза Латипова. – Банк ташаббуси билан “Ғайрак Чодак” МЧЖга 80 нафар аёл ишга жойлаштирилди.
Тадбир доирасида вилоят ҳокимининг ёшлар билан учрашуви ҳам ўтказилди. Учрашувда секторлар раҳбарлари, туман ҳокимлиги вакиллари ва туман ташкилот масъуллари қатнашди.


– Тадбирда ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган ватанпарварлик ва она Ватанга садоқат туйғуларини тарғиб этувчи қурол-яроғлар кўргазмаси барчага манзур бўлди, ўқувчи-ёшлар томонидан ҳайрат билан томоша қилинди, – дейди Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси Ёшлар билан ишлаш бўйича масъули, лейтенант Муроджон Рахматуллоев. –Мамлакатимизнинг барча соҳалари учун ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва ҳар томонлама етук кадрларни шакллантиришни кўзда тутувчи бу каби тадбирлар ёшларнинг хотирасида узоқ вақтгача сақланиб қолади. Мазкур тадбирдаги Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ва бир-биридан қизиқарли чиқишлар эртамиз эгаларининг ҳаёт йўлида ўз ижобий таъсирини кўрсатади.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА