Ёш таэквондочиларимиз тарихий натижа қайд этган жаҳон чемпионати якунланди
Пойтахтимизда ўтказилган таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги XV жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Мусобақанинг сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсларидан сўнг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
115 мамлакатдан қарийб 1000 нафар спортчи қатнашган мазкур мусобақада Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медаль жамғариб, миллий таэквондо тарихида янги саҳифа очди. Қайд этиш жоиз, 2024 йил Чхунчхон шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юртимиз вакиллари 1 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлган эди.

Мазкур тарихий ютуққа катта ҳисса қўшган спортчилардан бири — Моҳидил Ўктамжонова бўлди. У қизлар ўртасида -63 кг. вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, жаҳон чемпионига айланди. Шу тариқа, у Ўзбекистон таэквондо WT тарихида қизлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк спортчи сифатида қайд этилди.
— Менинг бу муваффақиятим мамлакатимизда биз ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир, — дейди Моҳидил Ўктамжонова. — Албатта, яқинда пойтахтимизда ўтган “Президент олимпиадаси”да ғолиб бўлганимда жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритишни ният қилган эдим. Бугун эса халқимизнинг дуоси, мураббийларимнинг тўғри кўрсатмалари ва спортимиз мутасаддиларининг бизга бўлган ишончи сабаб бу мақсадимга етдим. Келгусида Осиё ва Олимпия ўйинларида ҳам чемпион бўлишни мақсад қиламан.

Шунингдек, “Олимпия шаҳарчаси”да ўтган дунё биринчилигида Асадбек Самандаров ва Ёсинбек Одилов олтин, Аюбхон Набиев ҳамда Алишер Пак кумуш, Шоҳжаҳон Холмуродов эса бронза медалларини қўлга киритди.
Ғалабалар ёдга олинганда доимо инсон кайфияти кўтарилади, қалбда эса ғурур ва ифтихор жўш ура бошлайди. Ушбу ғалабалар замирида олиб борилган тинимсиз меҳнат, яратилган шароитлар муҳим аҳамият касб этади.
Ҳар бир спорт тури каби таэквондо WT бўйича ҳам терма жамоа таркибини янгилаш ва номдор спортчиларга муносиб издошларни тайёрлаш жараёнлари ўтказилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйлаб таэквондо спорт тури тарғиботи, селекция бўйича бир қатор тадбирлар ташкил этилди.

Селекция ишларини янада тўғри йўлга қўйиш мақсадида ҳар бир вилоят бўлинмалари мураббийларига турли ёш тоифаларидаги иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва уларнинг тажрибасини ошириш борасида муҳим кўрсатмалар берилди. Спортчи ва мураббийларни тайёрлаш бўйича мамлакатимиз бўйлаб тўрт ҳудудни бирлаштирган ҳолда ҳакам ва мураббийлар учун семинарлар ўтказилди. Унда таэквондонинг янги қоидалари, спортчиларни допингдан асраш ва уларни янги усуллар билан шуғуллантириш бўйича топшириқлар белгиланди.
Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари туркумидан жой олган спорт турларини янада оммалаштиришга қаратилаётган самарали ишлар натижасини спортчиларимизнинг улкан ғалабалари мисолида кўряпмиз.

Ушбу спорт тури бўйича иқтидорли ёшларнинг камол топишида Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим мактабларидаги таэквондо бўлимлари, қатор спорт секциялари ва тўгаракларининг хизмати беқиёс. Уларда чиниққан иқтидорли спортчилар халқаро турнирларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Дарҳақиқат, таэквондо WT бўйича қўлга киритилган ютуқларимизга дунё ҳавас қилмоқда. Айниқса, бу галги ёшлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида таэквондочиларимиз мисли кўрилмаган ғалабаларга эришди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА