Ёш сузувчилар мамлакат кубогида баҳслашди
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг сув спорти саройида сузишнинг турли йўналишлари бўйича U11 ва U13 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида Ўзбекистон кубоги беллашувлари ўтказилди.
Мусобақада Тошкент шаҳри ва мамлакатимиз вилоятларидан келган 361 нафар спортчи иштирокида ўтган мазкур мусобақанинг U13 ёш тоифасидаги 200 метр масофага баттерфляй усулда сузиш баҳсларида Мадина Имомназарова 2 дақиқа 59.02 сонияда маррага етиб келди. Ушбу масофага эркин усулда сузиш беллашувларида Ксения Пашинина ғалаба қозонган бўлса, ўғил болалар орасида эса Мирзиё Маҳмудов олтин медалга сазовор бўлди.

Чалқанча усулда 200 метрга сузишда Имона Исмоилова ҳамда Михаил Фокин шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. 400 метрга эркин усулда сузишда Имона Исмоилова иккинчи олтин медалини қўлга киритди. Йигитлар орасида эса бу йўналишда Самвел Агаханян биринчи бўлиб маррага етиб келди.
Мамлакат кубогининг U11 ёш тоифасидаги 200 метрга эркин усулда сузишда Бернора Давлатова, Шоҳжаҳон Яхшимуродова тенгсиз бўлди. Ушбу масофада чалқанча сузишда Муштарий Абдуғаффорова ҳамда Роман Петровин ғалаба қозонди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА