Ёш сиёсатчилар марафони ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ташаббуси билан “Ғоя бер, фикр билдир, келажакни биргаликда ярат!” шиори остида “Ёш сиёсатчилар марафони” бўлиб ўтди.
Тадбир Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, Европа Иттифоқи, “Юксалиш” ҳаракати ва Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ушбу марафон ёшларнинг сиёсий жараёнлар ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, йигит-қизларни сиёсий жараёнлар кузатувчиси эмас, балки муаммоларни таҳлил қиладиган, ўз позициясини асослайдиган ва аниқ ечимлар таклиф этадиган фаол иштирокчи сифатида шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Таъкидланганидек, ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнлари, давлат бошқаруви ва жамоатчилик муҳокамаларидаги иштирокини кенгайтириш, уларда фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлаш, уларни жамият ҳаётидаги муҳим жараёнларга фаол жалб этиш долзарб аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиқиб, тадбир доирасида янги авлод сиёсати ва лидерлик, рақамли сиёсат ва глобал мулоқот, инсон капитали ва иқтисодий имкониятлар, яшил тараққиёт ва барқарор келажак мавзуларида панель сессиялари ўтказилди.
Уларда фуқаролик жамияти, сунъий интеллект, таълим ва бандлик, тадбиркорлик, экологик муаммолар ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Марафон якунида иштирокчиларнинг таклифлари, долзарб ташаббуслари асосида “Ёш сиёсатчилар овози” тўпламининг асосий йўналишларини шакллантиришга келишиб олинди.
М.Комилова,
ЎзА