Ёш шифокорлар келажаги кафолатланмоқда
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт тизимини замонавий босқичга олиб чиқиш ва соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, тиббиёт таълимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, энг муҳими, олий таълим муассасаларини битирган ёш мутахассисларни муносиб иш билан таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсадлар доирасида ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари ёшларнинг касбий фаолиятга ишончли қадам қўйишига хизмат қилаётган муҳим майдонга айланмоқда.
Ана шундай муҳим тадбирлардан бири Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида ташкил этилган клиник ординатура ва магистратура битирувчиларини ишга жойлаштиришга бағишланган “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” бўлди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси” ижроси доирасида юқори савияда ташкил этилди. Унда институт ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Тешаев, Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саид Исмоилов, Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Хушнуд Жалилов, вилоятдаги даволаш муассасалари раҳбарлари, ҳудудий тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, шунингдек, Қашқадарё, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари соғлиқни сақлаш тизими вакиллари иштирок этишди.

Тадбир аввалида меҳмонлар институтда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли янгиланишлар билан танишишди. Улар институт клиникасидаги замонавий ташхис ва даволаш ускуналари, юқори технологияларга асосланган тиббий хизматлар, Халқ табобати илмий лабораторияси ҳамда институтнинг бой тарихи акс этган музей фаолиятини кўздан кечиришиб, таълим ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигига юқори баҳо бердилар.
Ярмарканинг асосий қисмида 2026 йилда институтни тамомлаётган 304 нафар клиник ординатура ва магистратура битирувчилари учун мамлакатнинг турли ҳудудларидаги бўш иш ўринлари тақдим этилди. Улардан 82 нафари магистратура, 222 нафари эса клиник ординатура битирувчилари ҳисобланади.

Тадбир давомида ҳар бир битирувчи ўз мутахассислиги, қизиқиши ва келгусидаги меҳнат фаолиятини инобатга олган ҳолда иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилди. Бу эса ёш мутахассислар учун ўз билим ва салоҳиятини муносиб иш ўрнида намоён этиш имкониятини яратди.
Ярмарка якунларига кўра, 200 дан ортиқ меҳнат шартномаси имзоланди. Эътиборлиси, аввал ишга жойлаша олмаган 30 нафардан зиёд бакалавр битирувчиси ҳам ўз мутахассислиги бўйича муносиб иш ўринларига эга бўлишди. Бу эса тадбирнинг амалий самарадорлиги ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари ҳам ўз ҳудудларидаги кадрларга бўлган эҳтиёж, мавжуд бўш иш ўринлари ва меҳнат шароитлари ҳақида батафсил маълумот беришиб, битирувчилар билан меҳнат шартномаларини имзоладилар. Шунингдек, ёшларга ишга қабул қилиш тартиби, хизмат фаолиятидаги имкониятлар ва касбий ривожланиш истиқболлари бўйича зарур тушунчалар берилди.

Бундай амалий тадбирлар Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “инсон қадри”, “сифатли тиббий хизмат” ва “ёшларни муносиб иш билан таъминлаш” тамойилларининг ҳаётдаги амалий ифодасидир. Зеро, малакали шифокор – миллат саломатлигининг ишончли таянчи, унинг меҳнати эса жамият тараққиётининг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида ташкил этилган мазкур «Бўш иш ўринлари ярмаркаси» ёш шифокорларнинг орзу ва интилишларини рўёбга чиқариш, уларни муносиб меҳнат фаолиятига йўналтириш ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган кадрлар билан таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бугун иш билан таъминланган ҳар бир ёш мутахассис эртанги куннинг малакали шифокори, минглаб инсонлар саломатлигига масъул бўлган фидойи касб эгаси сифатида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши, шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири