Ёш шахматчимиз Осиё чемпионатида совриндор бўлди
Хитойда шахмат бўйича 8, 10, 12, 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ёш шахматчимиз 3-ўринни эгаллади.
28-бор ташкил этилган мазкур қитъа чемпионатида 31 та мамлакатнинг 900 нафарга яқин шахматчи ёшлари сафида Ўзбекистон терма жамоасининг 21 нафар аъзоси совринли ўринлар ва рейтинг очколари учун кураш олиб борди.
Чемпионатда энг кўп иштирокчи Хитой терма жамоасига тегишли бўлди – 358 нафар. Қатнашчилар сони бўйича кейинги ўринларни Вьетнам(80), Россия(62), Қозоғистон(60), Ҳиндистон( 34), Шри-Ланка(24), Мўғулистон(23) эгаллади.
9 та турдан иборат бўлган мусобақалар сарҳисобига кўра, 10 ёшли ўғил болалар мусобақасида истеъдодли шахматчимиз Нурмуҳаммад Неъматиллахонов 138 нафар тенгдошлари орасида 7 очко жамғариб, қитъа чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.
Эътиборли жиҳати, 1 ва 2-ўринларни 7,5 очко билан банд этган Қозоғистон ва Хитой вакиллари ҳамюртимиздан атиги 0,5 очко кўп жамғарди.
Мусобақалар якунига кўра, шахматчиларимиздан Мадинабону Асадова 10 ёшли қизлар ўртасида 6,5 очко билан 70 нафар қатнашчи орасида кучли бешликдан жой олди. Ушбу ёш тоифасида 1 ва 2-ўриндан жой олган хитойлик шахматчи қизлар 7,5 очко тўплаган бўлса, 3-ўрин соҳибаси ҳам юртдошимиз сингари 6,5 очкога эгалик қилди.
Чемпионатда ёшларимиздан 12 ёшлилар ўртасида Исломбек Ҳусанов 6,5 очко билан 131 нафар иштирокчи орасида қўшимча кўрсаткичларга кўра 9, Билолиддин Одилов 14 ёшгача бўлганлар ўртасида 6 очко билан 13, Моҳинур Ҳикматхонова 16 ёшли қизлар ўртасида 4,5 очко билан 21, Мумтозбегим Мансурова 18 ёшгача бўлганлар ўртасида 5,5 очко билан 9-поғонага эга чиқди.
Т. Рўзиев, ЎзА