Ёш қиличбозлар мамлакат кубогида сараланмоқда
Пойтахтимизда қиличбозлик бўйича 23 ёшгача бўлган йигитлар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Пахтакор қиличбозлик залида ўтаётган мазкур мусобақанинг илк кунида шпага йўналишида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Шпага йўналишидаги яккалик беллашувларда мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан жами 100 нафарга яқин қиличбоз ўзаро рақобатлашди.

Йигитлар ўртасида ўтган беллашувларда Мейирхан Тимуров, Мирзоулуғбек Мўминов, Искандар Туришев ва Нуриддин Назирқулов шоҳсупага кўтарилди.

Қизлар баҳсида эса Дилназ Мурзатаева барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Шаҳзода Эгамбердиева кумуш, Маржона Зубайдуллоева ҳамда Азиза Ҳамидова бронза медалига сазовор бўлди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон кубогининг шпага йўналишидаги жамоавий баҳсларда ғолиб ва совриндорлар бугун аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА