Ёш ўзбек гроссмейстери Жавоҳир Синдоровнинг шонли ғалабаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдаги изчил сиёсати спорт, илм-фан ва санъат соҳаларида ўзбек ёшларининг беқиёс ютуқларига муҳим омил бўлмоқда. Бунинг ёрқин мисолларидан бири — ёш ўзбек гроссмейстери Жавоҳир Синдоровнинг шонли ғалабасидир.
Ўзбекистонлик 20 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоровнинг Номзодлар турниридаги улкан ғалабаси билан чин қалбимдан табриклайман. Айниқса, унинг истеъдоди кўз ўнгимда шакллангани мен учун жуда қувонарли. У 2019 йилда Осиё тарихидаги энг ёш гроссмейстерлардан бирига айланган эди, ўтган кузда эса жаҳон кубогининг энг ёш соҳиби бўлди.
Ўзбекистон Республикаси раҳбариятини ва Ўзбекистон шахмат федерациясини бу ютуқлар билан самимий табриклайман, чунки мақсадли ва тизимли қўллаб-қувватлаш туфайлигина мамлакатда шахматнинг юксалиши давом этмоқда. Бугун ўзбек шахматчилари дунёдаги энг кучлилардан ҳисобланади. Кипрда эришилган беқиёс ғалаба эса — ёшларга бўлган кучли эътибор, катта меҳнат ва қатъиятнинг амалий исботи.

1995 йилда Парижда ФИДЕ президенти этиб сайланганимдан буён, биз шахматни ривожлантиришда Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Мен шахмат фақатгина қудратли давлатлар ёки бой мамлакатларга тегишли бўлиб қолмаслигини баралла айтиб келганман.
Шахмат бу тафаккур, маданият ва қадриятларнинг муштарак ва универсал тилидир. Бир нарсага иқрорманки, шахмат ўзбек халқининг донолиги, чуқур фикрлаши ва тафаккури ниҳоятда юксак эканидан далолат бериб турибди.
Буюк Британия музейи томонидан нашр этилган альбомда Ўзбекистон жанубида топилган энг қадимий шахмат донаси акс эттирилганини кўрдим. Бу ноёб ашёлар ўзбек шахматининг илдизлари жуда қадим асрларга бориб тақалишини, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон шахмат анъаналарини шакллантиришдаги алоҳида ўрнини таъкидлайди.
Ўзбекистон шахматидаги муҳим босқичлардан бири — 2004 йилда Триполида ўзбек гроссмейстери Рустам Қосимжонов ФИДЕ жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритганидир. Бу наинки спорт ютуғи, балки бутун мамлакатда шахмат ривожига кучли туртки бўлган тарихий воқеа эди.
Биз ҳар доим Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бордик. Ўзбекистон раҳбарияти шахматни самарали ривожлантириб, келажак учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Шахмат оламида Ўзбекистон истеъдодли ўйинчилари билан бир қаторда, юқори даражадаги шахмат ташкилотчилари ва халқаро арбитрлари билан ҳам ҳурмат қозонган. Буларнинг ҳаммаси миллий муваффақиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Муҳим узлуксизликни кузатиш мумкин: Ўзбекистонда шахмат вақти-вақти билан эмас, балки тизимли равишда - давлат ва миллий институтлар даражасида қўллаб-қувватланади. Яъни, Ўзбекистонда шахмат ривожи давлат даражасида жиддий эътибор марказида. Шу боис, ФИДЕ йирик мусобақаларни ўтказиш учун жой танлаганда, Ўзбекистон доимо ишончли ва кучли ҳамкор сифатида қаралади. Тошкентдаги Гран-при мусобақалари ва Самарқандда бўлиб ўтадиган 46-Шахмат олимпиадаси бунинг яққол исботидир.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси Президентига алоҳида миннатдорлик билдиришим лозим. Шахматни ривожлантиришга уларнинг қўшган ҳиссаси беқиёс. Давлат дастурлари, “Мактабларда шахмат” лойиҳаси ва ёшларга қаратилаётган эътибор бугунги муваффақиятларнинг асосидир.
Бу сиёсат натижасида янги авлод шахматчилари шаклланди. Бугун дунё ўзбек терма жамоасини яхши танийди: Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов. Улар Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Шахмат олимпиадасида олтин медални қўлга киритди.
2026 йил сентябрь ойида Ўзбекистон жаҳон шахмат марказларидан бирига айланади. Мен бу тадбирда иштирок этиш учун албатта келиш ниятидаман.
Чунки, ФИДЕ президентлиги сайловлари мен учун муҳим воқеа. Менинг бу борадаги шиорим ҳар доимгидек — “FIDE First”. Яъни, биринчи ўринда шахмат ва унинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги бурчи туради.
Шахмат ҳозирги кунда инсонларни бирлаштиришга хизмат қилиши зарур.
Кирсан Илюмжинов,
Қалмоғистон Республикасининг биринчи президенти,
ФИДЕнинг олтинчи президенти.
P.S: Кирсан Илюмжинов 1962 йил 5 апрелда Қалмоғистоннинг (Россия Федерацияси) Элиста шаҳрида туғилган.
14 ёшида Қалмоғистон чемпиони, 15 ёшида эса миллий шахмат терма жамоаси сардори бўлган. 1983 йилда Москва давлат халқаро муносабатлар институтига ўқишга кирди ва 1989 йилда Япония ва Шарқдаги ташқи иқтисодий алоқалар мутахассислиги бўйича диплом олди.
1995 йил 24 ноябрда Кирсан Илюмжинов Жаҳон шахмат федерацияси президенти этиб сайланди. У 1998, 2002, 2006, 2010 ва 2014 йилларда мазкур федерация президентлигига қайта сайланди.
2013 йил май ойида Халқаро интеллектуал ўйинлар ассоциацияси президенти этиб сайланган.
ЎзА