Ёш олимларнинг илмий изланишлари эътироф этилди
Ҳар бир илмий натижа ортида катта меҳнат, изланиш ва албатта, тажриба бор. Айниқса, илм-фан соҳасида ёш тадқиқотчининг шаклланишида устознинг ўрни беқиёс.
Чунки шогирд ўз йўлини излар экан, устознинг йиллар давомида тўплаган билими ва тажрибасидан сабоқ олади. Устоз эса шогирдининг янги ғоялари, изланишлари ва ютуқларида ўз меҳнатининг давомини кўради. Шу боис устоз-шогирд муносабати муайян бир касб доираси билан чекланмайди — бу жамият тараққиётини таъминлайдиган муҳим маънавий ва илмий анъанадир.

1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ҳамда Ўзбекистон механиклари жамияти ҳамкорлигида «Энг яхши илмий натижалар» Республика танлови совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирнинг байрам арафасида ўтказилгани ҳам ўзига хос маъно касб этди. Зеро, устозлар байрамида илм йўлида изланаётган ёшларнинг меҳнати ва натижаларини эътироф этиш — устоз ва шогирд ўртасидаги узвий боғлиқликнинг амалий ифодаси. Бугун илмий изланиш олиб бораётган ҳар бир ёш мутахассис эртага ўз соҳасида янги авлод вакилларига йўл кўрсатади.

Тадбирда сўз олган устозлар танловнинг ёш тадқиқотчилар учун аҳамияти, уларни илмий изланишларга жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш зарурати ҳақида тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон Механиклар жамиятининг ёш олимларни бирлаштириш, уларнинг илмий ишларини рағбатлантириш ва соҳа ривожига ҳисса қўшаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти ҳақида фикрлар билдирилди.
Танлов совриндорлари сафидан Шоҳжаҳон Равшанов, Бобур Бахтиёров, Жавлон Турдибеков, Шаҳзод Ҳожиқулов ҳамда Ғофуржон Ачилов жой олди. Ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари, эришган натижалари ва механика соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси эътиборга лойиқ деб топилди.
Ғолибларга 10 миллион сўмлик умумий мукофот жамғармасидан пул мукофотлари, Ўзбекистон механиклари жамиятининг махсус аъзолик гувоҳномалари ҳамда илмий ишларини ОАК тасарруфидаги «Механика муаммолари» журналида нашр этиш учун тавсияномалар топширилди.
Бу мукофотлар ёш олимлар учун фақат моддий рағбат эмас. Энг муҳими, уларнинг меҳнати ва изланишларига берилган эътибор, илмий салоҳиятига билдирилган ишончдир. Бундай эътироф ёш тадқиқотчини янги мақсадлар сари интилишга, ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундайди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА