Ёш мусиқачиларимиз муваффақияти
Шу йилнинг 16-21 май кунлари Италиянинг Барлетта шаҳрида "Citta di Barletta" номли 33-халқаро ёш ижрочилар танловида Италия, Германия, Болгария, Хитой, Канада, Россия, Бирлашган Араб Амирлиги, Украина, Таиланд, Корея ва бошқа кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистондан ҳам мусиқачилар қатнашди.
Хусусан, Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби вакиллари мазкур халқаро танловда яхши натижаларни кўрсатди. Танлов якунига кўра, ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчиси Саидшоҳ Ғуломов Гран-прига лойиқ топилиб, гала-концертда иштирок этди. 2-синф ўқувчиси Севинч Азимова биринчи ўринга муносиб топилди. 11-синф ўқувчиси Алиса Салоҳова иккинчи ўринни эгаллади. 10-синф ўқувчиси Мухлиса Собитжонова эса бастакор Дилором Омонуллаеванинг "Амир Темур тушлари" асари ижроси учун махсус мукофот билан тақдирланди ҳамда гала-концертда иштирок этди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Н. Усмонова, ЎзА