Ёш муҳандислар лойиҳалари намойиш этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги кунда технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда, ёшлар ушбу жараённинг фаол иштирокчиси сифатида ўз салоҳиятини намоён этмоқда. Уларнинг инновацион ғоялари, креатив ёндашуви ва янги ечимларга интилиши мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. “Ёш муҳандис” республика танлови ана шу салоҳиятни қўллаб-қувватлаш ва юксалтириш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ва “Skillbox” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа мамлакатимиз ёшларининг технологиялар, муҳандислик, робототехника, инновация ва астронавтикага бўлган қизиқишини янада кучайтириш, уларнинг бу борадаги ғоя, ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Жорий йилнинг 28 февраль санасидан старт олган мазкур танловда 14-20 ёшли мактаб ўқувчилари ва талабалардан таркиб топган жами 133 жамоа иштирок этди. Улар маиший ҳамда ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ёрдам берувчи 150 га яқин муҳандислик ишланмаларини танловга тақдим этди. Саралаш натижаларига кўра, энг муносиб топилган 50 та лойиҳа якуний босқичга йўналтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги биносида танловининг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда республика бўйлаб сараланган 100 нафар иштирокчи жамоалар таркибида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Соҳа экспертларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари ёшларнинг муҳандислик ишланмаларини креативлиги, инновацион ёндашуви, лойиҳанинг амалиётга тадбиқ этилиши, илмий асослилиги, ижтимоий ва экологик аҳамияти, тақдимот сифати мезонлари бўйича баҳолади.
Якуний натижаларга кўра, Қашқадарё вилоятининг “Robototexnika Reactive_uz” ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг “SunD3nova” жамоаси биринчи, Қашқадарёнинг “Robbit Kids” жамоаси иккинчи ҳамда пойтахтнинг “TUIT Robotics” жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Шунингдек, иштирокчилардан Аброрбек Баҳодиров ўз ишланмаси билан “Энг инновацион лойиҳа” номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилди.
Энг истиқболли ёш муҳандислар, деб топилган “Sehriyo team” жамоаси Туркиянинг Измир шаҳридаги ёзги космик лагерга саёҳат учун йўлланмани қўлга киритди.
[gallery-29168]
Мазкур натижалар шуни кўрсатадики, соҳада амалга оширилаётган ташаббуслар ёшларнинг нафақат техник билим ва кўникмаларини оширишга, балки уларнинг реал муаммоларга инновацион ечимлар топиш салоҳиятини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Муҳими, “Ёш муҳандис” танлови орқали яратилаётган лойиҳалар фақат назарий ғоя даражасида қолмай, балки амалиётга жорий этилиши билан аҳамиятли. Бу эса келажакда мамлакатнинг технологик мустақиллиги, инновацион иқтисодиёти ва космик соҳадаги салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Камола Юсупова,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА