Ёш метролог олималарнинг ютуқлари эътироф этилди
Ўзбекистон миллий метрология институтида Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар кунига бағишланган ўтказилди.
«Метрология илм-фанини ривожланишида хотин-қизларнинг роли» мавзусидаги Республика илмий-амалий семинарида Ўзбекистон миллий метрология институтида фаолият олиб бориб, илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган, илмий изланишлар олиб бораётган ташаббускор ёш олималар ҳам иштирок этишди. Ёш олималар ўз илмий ишлари билан йиғилганларни таништирди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, Миллий метрология институтида 2017 йилда 1 нафар PhD ходим фаолият юритган бўлса, 2023 йил 1 февраль ҳолатига кўра уларнинг сони 10 нафарга (шундан 3 нафари аёллар) етказилди.

2028 йилга уларнинг сонини 30 нафарга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, институтда гендер тенглиги бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда институт ва унинг ҳудудий филиалларида жами 650 нафар ходим фаолият юритаётган бўлса, шулардан 180 нафарини хотин-қизлар ташкил этади, шундан 4 нафари раҳбар аёл ходимлар. Шу билан бир қаторда, институтдаги жами ходимларнинг 65 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳозирда илмий лойиҳа ва инновацион ғоя бўйича 10 нафар аёл амалий ишланмалар устида изланмоқдалар. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган танловларда иштирок этиб, салкам 4 млрд. сўмга яқин тўртта амалий ва инновацион лойиҳа молиялаштирилди. 10 нафар ходим чет эл стажировкаларга юбориш учун ўтказилган танловда ғолиб бўлишди. 1 йил давомида 3 та ишланмага патент гувоҳномаси олинди. 202 йилда илмий-тадқиқот институтлари рейтингида 103-ўриндан 77 поғона юқорилаб, ижобий кўрсаткичга эга бўлишди.

Семинарда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова сўзга чиқиб, гендер стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари, ўтган йили амалга оширилган ишлар ва 2023 йил учун режалари, гендер тенгликни таъминлашнинг асосий шарт-шароитлари, илм-фанда хотин-қизлар улушини ошириш масалалари хусусида сўз юритди. Сенатор Гулнора Маъруфова ҳам сўзга чиқиб, гендер тенгликни таъминлаш бўйича халқаро тажриба ва халқаро ҳамкорлик ҳақида гапирди.
Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъул ходими Мукаррам Нурматова хотин-қизларнинг жамиятда фаоллигини ошириш, уларга давлат ва ҳукумат томонидан яратилаётган шароит ва берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди, дунё тан олган ўзбек академик ва профессор олима аёлларнинг ҳаёти ва фаолиятини ибрат сифатида келтирди.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарияти томонидан Ўзбекистон миллий метрология институти ёш олималарининг ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида меҳмонлар Ўзбекистон миллий метрология институтининг миллий эталонлар базаси ва лабораториялар фаолияти билан ҳам танишишди. Жумладан, эталонларнинг аҳамияти, улардан фойдаланиш талаблари ва халқаро доирадаги муносабатлар, институт томонидан олиб борилаётган лаборатория ишлари ҳақида тасаввурларини янада бойитишди.
Наибахон Мамадалиева,
Бош директор маслаҳатчиси, профессор