“Ёш китобхон” танлови ғолиблари аниқланди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга кўмаклашиш O'zLiDePнинг дастурий мақсад-вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис партия фаоллари ва депутатлари биринчи навбатда аҳолининг, хусусан ёшларнинг китобга бўлган муҳаббатини янада ошириш, уларнинг китобхонликка қизиқишини кучайтиришга эътибор қаратиб келмоқда.
Юртимизда ёшларни кенг тафаккурли, билимли ва баркамол қилиб тарбиялаш, уларни ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш долзарб вазифалардан бири эканлигини чуқур англаган Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Комилжон Рўзиев ташаббуси ҳамда O'zLiDeP вилоят ва Қоракўл тумани Кенгашлари саъй-ҳаракати билан тумандаги 5- ҳамда 43-умумтаълим мактабларининг 5-11-синф ўқувчилари ўртасида “Пойкент билимдонлари” ёш китобхон танловига старт берилган эди.

Куни кеча 5-умумтаълим мактабида танловнинг якуний натижалари эълон қилинди. Тегишли низомга асосан ўқувчи ёшлар рўйхат бўйича тавсия этилган адабиётларни қунт билан ўқиб, улардаги қаҳрамонлар ўй кечинмаларини мустақил равишда мушоҳада эта олишларини, ижобий ва салбий қаҳрамонлар бўйича етарли билимга эга эканликларини амалда кўрсата олди.

Тадбир аввалида ўқувчи-ёшлар томонидан ўқилган бадиий асарлар асосида тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилди, таниқли шоирлар шеърларидан намуналар ўқилди.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг биринчи ўринни Шаҳинабону Норсаидова, Фарангиз Қодирова, Сабоҳат Қодирова қўлга киритди. Иккинчи ўринга Дилдора Ўктамбоева, Сарвиноз Нуриддинова, Ўғилой Йўлдошева муносиб деб топилди. Учинчи ўрин эса Дилсўз Бўстонова, Райҳона Арашева, Нигора Тўхтамуродовага насиб этди.

Фаол иштирокчи ўқувчи-ёшлар ташкилотчиларнинг бадиий китоблар жамланмасидан иборат эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқларига сазовор бўлди.

Танловда сўз олган лойиҳа ташаббускори Комилжон Рўзиев, O'zLiDeP вилоят Кенгаши раиси биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Бобомурод Очилов ва бошқалар бундай ибратли тадбирлар ёш китобхонлар сафини кенгайтиришда, улар саводхонлигини оширишда, ёшларни юксак маънавий-маърифий руҳда тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.

Бундай тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад ёшларни ижтимоий фаоллигини ошириш, улар қалбида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни кучайтириш, юртга садоқат, Ватанга муҳаббат ҳиссини шакллантиришдан иборатдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.