Ёш киночилардан умидимиз катта
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Кинематография агентлигида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида агентлик ташаббуси билан С.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)га ўқишга кирган ёшлар махсус сертификатлар билан тақдирланди.

– Ёшлар бор жойда ишда унум, ранг-баранглик ва юксалиш бўлади, – дейди Кинематография агентлиги директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев. – Чунки ёшлар атрофга ўзгача кўз билан қарайди. Агентлигимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратган. Ўтган йилда пандемия бўлишига қарамасдан ёш ижодкорларнинг ишлаши учун ташкилот маблағ ажратди, ғоялар берди. Ёшлар ўнлаб қисқа метражли фильмларни суратга олди. Уларнинг аксарияти хорижда эътироф этилиб, нуфузли танловларда тақдирланмоқда. Президентимизнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан «Халқ юраги» номи остида суратга олинаётган 24 қисмли туркум фильмларни ҳам ёшларимизга ишониб топширганмиз. Ишонамизки, ёшлар бизни уялтирмайди. Ёш киночилардан умидимиз катта.

Тадбир доирасида «Мактаб – ҳаётим» фильми муваффақияти учун кинокартина ижодкорлари эътироф этилиб, ушбу фильм намойиш этилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур кинокартина Агентлик буюртмасига биноан “Koʼzgu film” студияси томонидан суратга олинган, унда мактаб ўқувчилари ҳамда ўқитувчиларининг ҳаётий воқеалари ва улардаги ижтимоий муаммолар акс эттирилган.
Д.Маматова, ЎзА